Ҳудудий бирлашма ташаббуси билан Фарғона вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси мутасаддилари иштирокида «2022 йил ва 2023 йилнинг ўтган 6 ойи давомида вилоят ҳудудида қуриб фойдаланишга топширилган (қурилаётган) бино (уй-жой, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа объект)ларда қурилиш нормалари ва талабларига амал қилинмоқдами?» мавзусидаги жамоатчилик эшитуви ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Фарғона вилоят бўлинмаси ҳамкорлигида ўтказилиб, унда вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, Федерация ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Маълумки, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раисининг 2023 йил 8 июн кунидаги буйруғи билан амалдаги қонунлар ва қонуности меъёрий ҳужжатлари талаблари асосида жойларда Жамоатчилик эшитувларини ташкиллаб бориш вазифаси юклатилган бўлиб, мазкур эшитув ҳам ушбу буйруқ ижросини таъминлаш мақсадида ташкилланди.
Ҳудудий бирлашма эшитувни ўтказиш тартиб қоидаларидан келиб чиқиб, вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси олдига қуйидаги йўналишларда жамоатчиликка ахборот берилиши сўралди:
– 2022 йил ва 2023 йилнинг ўтган 6 ойи давомида вилоят ҳудудида қуриб фойдаланишга топширилган кўп қаватли аҳоли яшаш хонадонлари бўйича статистик маълумотлар;
– юқоридаги хонадонларни қуриш ишларида иштирок этган қурилиш компанияларининг амалдаги қурилиш нормалари бўйича қонунлар ва қоидалар талабларига жавоб бериши юзасидан маълумотлар (уларни бошқарма томонидан иш устида ўрганиш натижалари);
– юқоридаги даврда қурилаётган (қуриб битказилган) биноларни сифат ва техник регламентлар талабларига мослиги, қурилиш материаллари ва қурилиш соҳасидаги буюмларнинг сертификатланганлиги, уларни турли табиий офатлар (зилзилабардошлик ва бошқа табиий офатларга чидамлилигини ўрганиш бўйича амалга оширилган ишлар;
– қурилиш компаниялари ва истеъмолчилар ўртасида тузилаётган шартномаларни бошқарма томонидан экспертизадан ўтказиб борилганми? Уларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини чекловчи ҳолатлар, шартномаларга қонунлар билан истеъмолчиларга кўзда тутилган ҳуқуқ ва имтиёзларни киритмаслик ҳолатларини мавжудлиги. Амалдаги қонунчиликка кўра мазкур шартномаларни давлат тилида тузилишини таъминланганлиги;
– юқорида кўрсатиб ўтилган даврда қурилган бинолар (бу ерда аҳоли яшаши учун кўп қаватли бинолар, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқалар)да ногиронларни мазкур ижтимоий инфратузилма объектлари (уй-жой, жамоат, ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари, дам олиш жойлари, маданий-кўнгилочар объектлар ва бошқалар)дан монеликсиз фойдаланиши учун яратилган шароитларни назоратини олиб бориш борасида амалга оширилаётган ишлар;
– шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизлик талабларига, шунингдек санитария нормалари ва қоидаларига риоя этилганлигини ўрганиб борилиши.
Бошқарма мутасаддилари томонидан кун тартибидаги масалалар юзасидан кенг қамровли ахборотлар бериб ўтилгач, тадбир иштирокчиларининг бу борадаги фикр-мулоҳазалари ва таклифлари тингланди, шунингдек уларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.
Тадбир якунларига кўра, қурилиш соҳасида олиб борилаётган ишларни аҳолининг кенг қатламларига етказиш, уларнинг хабардорлигини ошириш ҳамда бу борадаги ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишига эришиш, соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида ҳудуддаги давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида кенг қамровли ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик алоқаларини олиб боришга келишиб олинди.