2023-2024 йиллар давомида Фарғона вилоятида Республика оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг “Қишлоқ аёлларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган бўлиб, унинг молиявий асосини Жаҳон банки ҳамда Япония ижтимоий тараққиёт жамғармасининг молиявий кўмаги ташкил этади.
Бугунги кунда лойиҳада жорий йил учун белгиланган вазифалар босқичма-босқич амалга ошириб борилиб, вилоятнинг Ёзёвон, Сўх, Фурқат ва Қўштепа туманларидан танлаб олинган 28 та маҳалла фуқаролар йиғинларида ишлар тизимли асосда олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг биргина май ва июн ойлари давомида мазкур 28 та МФЙларнинг барчасида маҳалла фаоллари ва аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ва тарғибот ишлари ташкил этилади. Тарғибот ишларини ташкил қилишда асосий эътибор лойиҳанинг мақсад ва вазифалари, уни босқичлари бўйича маълумотларни аҳоли вакилларига етказиш ва бунинг натижасида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида аёллар фаровонлигини яхшилаш гуруҳларини шакллантиришга эришишга қаратилади.
Ҳозирги кунга қадар лойиҳа амалга оширилаётган ҳудудларда маҳалла фаоллари ўртасида 30 та учрашувлар ташкил этилиб, уларда 525 нафар, аҳоли ўртасида ва кўчалар кесимида 128 та тарғибот учрашувлари ўтказилиб, уларда 1536 нафар аҳоли вакилларининг иштироки таъминланди.
Шунингдек, тарғибот ишлари доирасида, ушбу тадбирларда иштирок эта олмаган “Аёллар дафтари”га 3, 4, 6 тоифалар бўйича киритилган хотин-қизларнинг яшаш хондонларига ташриф буюрилиб, уларга лойиҳа бўйича тўлиқ маълумотлар тақдим қилинди. Олиб борилган тарғибот ишлари натижасида эса, ҳозирги кунда, аёллар фаровонлигини яхшилаш гуруҳлари шаклланмоқда.