Замон шу даражада шиддат билан ўзгариб бормоқдаки, бугунги кунни интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳар қандай саволнинг ечими турли хил ижтимоий тармоқлар орқали ўрнида жавоб олиш имкониятлари кенг яратилган. Банкларнинг барча хизматлари, ҳаттоки барча давлат идораларнинг фаолияти ҳам бевосита интернет тармоқлари билан амалга ошириб келинмоқда. Минг афсус билан айтиш жоизки баъзи инсонлар бундай имкониятлардан тўғри фойдаланмасдан эгри йўлларни танламоқда. Гуруч курмаксиз бўлмайди деган халқимизда бир нақл бор, ҳозирги қаҳрамонимиз А.Барзиев (исм-шарифи ўзгартирилган) шундайлардандир. У муқаддам турли хил жиноятларни содир қилиб олти маротаба судланган бўлса-да ўзига тегишли хулоса чиқармасдан навбатдаги жиноятни интеренет тармоғидан фойдаланиб содир қилган.
А.Барзиев отаси номига сим карта олиб, телефон аппаратига акаси Б.Барзиевга тегишли “Буюк ипак йўли” банки томонидан берилган пластик картани улаб, ишлатиб келган. 2022 йил февраль ойидан телеграм ижтимоий тармоғига кириб, фуқароларга “Loan expert” дастурига кириб, ўзларининг маълумотларини тўлдирган тақдирларида, ижтимоий ёрдам ва фоизсиз кредит берилиши ҳақида эълон жойлаб, ушбу дастурга кириб, пластик карта маълумотларини киритган фуқароларнинг маълумотларини билиб олиб, пулларини ечиб олган. 2022 йил баҳор фаслида кейинчалик билган Э.Мадаминов телеграм ижтимоий тармоғида эълонини кўриб, қай тартибда кредит олиш учун ҳужжат расмийлаштириши лозимлигини сўраганида “Loan expert” дастурининг ҳаволасини юборган, сўнг ушбу ҳавола орқали Э.Мадаминов пластик картаси ҳақида маълумотларни киритганида билиб олиб, ушбу пластик картани ўзининг телефонидаги дастурга улаб олади. 2022 йил апрель ойи бошларида телефонидан Э.Мадаминовнинг “Anor” банкка тегишли пластик картасини текширганида, ичида пуллари борлигини билиб, 2.341.650 сўм пулларни муқаддам ўзи улаб олган М.Олимованинг пластик картасига ўтказиб, сўнг М.Олимованинг пластик картасидан ўзи фойдаланиб келаётган акасига тегишли пластик картасига юбориб, ечиб олиб, ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
А.Барзиев бу ҳаракатини ҳеч ким билмайди деб ўйласа-да, бу жинояти узоққа чўзилмади.
А.Барзиев судда қилмишидан пушаймонлигини билдирсада 2023 йил 20 январь куни жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, ЖКнинг 59-моддаси 8-қисми тартибида узил-кесил 5 йил 7 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шухратжон Ахмедов,
Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.