Конституцион ислоҳотлар нима учун керак?

Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституцион ислоҳотлар юзасидан турли фикр ва мулохазалар билдирилмоқда. Мазкур жараёнда барчага тенг яратилган фикр эркинлиги сабабли оддий фуқародан тортиб, мамлакатнинг кўзга кўринган мансабдор шахслари ва олимлари хам бу борада фикрини эркин ва баралла айтмоқда. Албатта, бу борадаги мулоҳазалар турлича ва доим хам бир-бирига мутаносиб эмас.

Биз хам мамлакатнинг амалдаги конституциясига киритилаётган ўзгартиришларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги аҳамиятига тўхталиб ўтмоқчимиз.

Маълумки, жамият ва давлат ривожланиб борар экан амалда бўлган қонунлар хам ушбу ўзгариш ва ривожланишга мос тарзда такомиллаштирилишни талаб қилади. Акс ҳолда, замон талабига жавоб бермаган қонун юридик кучга эга ҳисоблансада, амалда жамият ва фуқаролар учун фойдасиз, ишламайдиган қоидага айланиб қолади.

Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида, хусусан суд ҳокимиятининг мустақиллиги, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий таъминоти, аҳолининг судларга бўлган ишончини ошириш борасида салмоқли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу эса, ўз навбатида асосий қонунимиз бўлган Конституцияда муайян қоидаларни акс эттириш яна бошқаларини ўзгартириш эҳтиёжини юзага келтирди.

Шу муносабат билан, жорий йилнинг 10 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлиси ўтказилиб, унда Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум тайинлаш ва ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Лойихани кўздан кечириладиган бўлса, унда мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон хаёти учун мустахкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончили кафолатлар ўз ифодасини топаётганини кўриш мумкин.

Жумладан, янги тахрирдаги Конституциянинг 1-моддасида Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқи давлат экани ўзининг аксини топмоқда. Бу барчанинг қонун олдида тенглигини ва қонундан хеч ким устун эмаслигини таъминлаш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилиш, умуман олганда давлат органларининг халққа хизмат қилиши учун мустахкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, Конституциямизда амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини янги тахрирда “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартирилмоқда. Бу эса қонун лойиҳасида энг аввало инсон манфаатини хар нарсадан устун қўйиш мақсад қилинганини англатади. Лойиҳада суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизимини киритиш таклиф қилинмоқда.

Бугунги кунда, судларга бўлган аҳолининг ишончини янада ошириш, Президентимиз таъбири билан айтганда, судни чин маънода адолат қўрғонига айлантириш давлатимиз олдида турган энг асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Ривожланган ҳорижий давлатлар тажрибасидан маълумки, суд ҳокимиятининг мустақиллиги бошқа ҳокимият тармоқларини тийиб туриш, ҳокимият ваколатларини тақсимлашда адолатга эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Конституциямизга киритилаётган юқоридаги ўзгаришлар Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг муҳим конституциявий принципларини белгилаб беради.

Хулоса ўринида таъкидлаш керакки, Конституциявий ислоҳотлар бугунги кунда жамият, давлат ва фуқаролар олдида турган энг муҳим ҳамда кечиктириб бўлмас вазифа ҳисобланади. Хусусан, Конституциянинг суд ҳокимияти йўналишида ўзгартирилаётган нормалари соҳани жахон андозалари даражасига олиб чиқишга, судни фуқаролар ва юридик шахсларнинг чинакам ҳимоячиси сифатида фаолият юритишига шароит яратади.

Бахтиёр ЮЛДАШЕВ, Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси.