Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 декабрдаги 1011-сонли қарорига мувофиқ, бу йилдан меҳнат ресурслари, аҳоли бандлиги ва ишга жойлаштириш балансини ишлаб чиқиш, бандлик масаласи бўйича уй хўжаликларини ўрганиш, шунингдек, ишга жойлаштиришга эҳтиёж сезаётган аҳоли сонини аниқлашни янги методика бўйича амалга оширмоқда. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
2018 йил июль—август ойларида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан республиканинг 62 шаҳар ва туманларида 310 та ўзини ўзи бошқариш органи, 3 100 та уй хўжалиги ва 16 425 нафар фуқарони қамраб олган кенг кўламли социологик текширув ишлари амалга оширилди. Текширувнинг тўлиқ матни ва методикаси вазирлик сайтида эълон қилинди.
Ўтказилган текширув натижаларига кўра, иқтисодий фаол аҳолига нисбатан ишсизлик даражаси 9,3 фоизни ташкил этди, бу жорий йилнинг I кварталига (9,7 фоиз) нисбатан 0,4 фоизга камайганлигини кўрсатади. Энг кўп ишсизлик даражаси Фарғона (10,0 фоиз), Андижон (9,9 фоиз), Сурхондарё (9,9 фоиз) вилоятларида, энг ками Тошкент (7,8 фоиз)шаҳрида қайд этилди.
Ёшлар (30 ёшгача) ўртасидаги ишсизлик даражаси 15,9 фоизни, аёллар ўртасида — 13,4 фоизни ташкил этди.
Шуни эътиборга олиш жоизки, 2017 йилнинг худди шу даври билан қиёслаганда (5,2 фоиз) ишсизликнинг ортиши ишсизлар сонининг кескин кўпайгани билан эмас, балки банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олувчи, яъни ишга жойлашиш эҳтиёжидаги шахсларни тўлиқроқ ҳисоблаш имконини берувчи методологиянинг такомиллашгани билан боғлиқдир.
Меҳнат ресурслари сони 18 792,2 минг кишини ташкил этди, бу 2018 йилнинг I кварталидаги кўрсаткичга нисбатан 0,1 фоизга ошганини билдиради. Иқтисодий фаол аҳоли сони 14 569,5 минг кишига етди (0,4 фоизга камайган), иқтисодий нофаол аҳоли эса — 4 222,7 минг кишидан иборат (1,9 фоизга ортган).
Иқтисодиёт соҳасида банд бўлганлар сони 13 219,9 минг кишига етди (0,2 фоизга ўсган). Иқтисодиётнинг расмий секторида банд бўлганлар 5 317,3 минг кишини ташкил этди (0,6 фоизга тушган), бунда деҳқон хўжаликларида банд бўлган шахслар кўрсаткичи – 69,4 фоизга, юридик шахс бўлмаган тадбиркорлар кўрсаткичи – 13,8 фоизга ортгани, шу билан бирга, иқтисодиёт соҳасида банд бўлган юридик шахслар кўрсаткичи 1,7 фоизга камайганлиги қайд этилди. Уй хўжаликларини текшириш методологиясининг такомиллашуви норасмий секторда банд бўлганларнинг янада ишончлироқ кўрсаткичи — 7 902,6 минг киши (банд бўлганлар умумий сонидан 59,8 фоиз)ни аниқлашга имкон берди, улардан вақтинчалик бир марталик ва мавсумий ишларда банд бўлганлар – 1 632,5 минг кишини, шунингдек, хорижга ишга кетганлар — 2 644,1 минг кишини ташкил этади.
2018 йил январь—июнь ойларида меҳнат органларига ишга жойлашиш бўйича 345 134 киши мурожаат қилган, улардан – 119 792 нафари ишга жойлаштирилди, 213 641 нафари жамоат ишларига жалб қилинди, 8 553 нафари касбий қайта ўқитишга йўналтирилди, 6 065 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланди.