Корхонада коррупция иллатига қарши кураш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда

Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. “Фарғонаазот” акциядорлик жамиятида ҳам мамлакатимизнинг бу борада қабул қилинган қонун ҳужжатлари асосида 15 та меъёрий ҳужжатлар тайёрланиб, корхона раҳбарияти томонидан тасдиқланган ҳамда корхонанинг расмий веб сайтига ҳам жойлаштирилган. Ушбу меъёрий ҳужжатлар корхонанинг ҳар бир бўлим ва бўлинмаларида ҳамда цехларида мавжуд бўлиб, уларнинг мазмун-моҳияти ҳафтанинг ҳар жума кунлари ўтказиладиган маънавият кунларида қўшимча равишда ходимларга етказиб борилмоқда.

Шунинг билан биргаликда корхонада янги “Хизмат одоби қоидалари” ҳам ишлаб чиқилганлигини ҳамда тасдиқланган режа асосида корхона бўлим ва цехларида тизимли равишда тушунтириш ишлари олиб борилаётганлигини, ишчи-ходимларда коррупцияга қарши курашиш ва ушбу иллатга муросасиз бўлиш муносабатини шакллантириш, уларнинг хуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида алоҳида “Ўкув дастури” ишлаб чиқилиб, тасдиқланган жадвал асосида комплаенс назорат хизмати ходимлари томонидан бўлимлар ва цехларда ўқитиш ишлари амалга оширилаётганлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

Тузилган шартномлар, ўтказилган тендер ва конкурсларнинг қонунийлиги ва ички меъёрий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши устидан доимий назорат йўлга қўйилган. Хусусан, 2022 йилнинг 9 ойи давомида корхона томонидан жами 765 млрд сўмдан ортиқ 1325 та шартномаларнинг ички меъёрий ҳужжатларга тўлиқ мос бўлиши таъминланди.

Жорий йилда жамият томонидан ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалик, саноат ва қурилиш маҳсулотларини сотиб олиш истагида бўлган юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган 484 та шартномаларнинг ҳам амалдаги тартиб қоидаларга тўлиқ мос келиши ҳолатлари ўрганиб чиқилиб, тегишли хулосалар берилди.

Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим ҳолатларда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан биржа савдоларидан кейин маҳсулотларни ўз вақтида олиб кетилмаганлик, техник талаблар шартларини тўлик бажармаганлик каби ҳолатлар ҳам учраб турибди. Ҳисобот даврида корхона масъуллари томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган юқоридаги каби ҳолатлар юзасидан 201 нафар контрагентлардан 3 млрд 072 млн 301 минг сўм жарималар ундириб олинди.

Корхонада фуқароларни ишга қабул қилиш жараёнида турли нохуш ҳолатлар келиб чиқишини олдини олиш мақсадида, меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида,  алоҳида Низом ва номзодларни текшириш бўйича йўриқнома ишлаб чиқилди.      

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июль кунги «Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ-5177-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида, корхона расмий веб сайтига http://azot.vakantlar.uz ҳаволаси ҳам жойлаштирилиб, ишга туширилди. Натижада шу кунга қадар корхонага 154 нафар фуқаролар янги дастур асосида ишга қабул қилинди. Бунга қўшимча, корхона раҳбарияти томонидан ҳафтанинг ҳар душанба ва сешанба кунлари мурожаатчиларни қабул қилиш ишлари амалга оширилиб, ишга кириш масалалари атрофлича ўрганиб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257 Фармони, Президентининг юқорида номи зикр этилган ПҚ-5177 Қарори ҳамда “Фарғонаазот” АЖ бошқарув раиси томонидан 2021 йил 17 июнда тасдиқланган  “Фарғонаазот”АЖ да манфаатлар тўқнашувини бошқариш сиёсати”нинг 5.4 банди талабларидан келиб чиқиб, корхонанинг меъёрий ҳужжатида кўрсатиб ўтилган 210 нафар ходимлар манфаатлар тўқнашуви бўйича декларация тўлдиришди, декларациялаш натижасида эса 4 нафар раҳбар ходимларда манфаатлар тўқнашуви ҳамда 6 нафар ходимларда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги аниқланди. Ушбу ҳолатлар ахлоқ комиссиясида кўриб чиқилиб, манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари бартараф этилди. Декларациялаш натижалари корхона расмий веб сайтига ҳам жойлаштирилди.

Ҳисобот даврида ўтказилган 9 та хизмат суриштирувлари жараёнида аниқланган салбий холатлар бўйича 4 нафар ходимлар билан хизмат шартномалари бекор қилинди, яна 22 нафар ходимларга эса амалдаги меҳнат қонунчилиги талаблари асосида “хайфсан”, “қаттиқ огоҳлантириш”, ойлик маошидан маълум бир фоиздаги жарималар ушлаб қолиш каби интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Корхонада ходимларни хуқуқий онги ва маданиятини ривожлантириш, коррупцияга нисбатан тоқатсизлик принципини шакллантириш бўйича тизимли асосда турли профилактик тадбирлар (ўкитиш, тренинг, семинар ва бошқалар) ўтказиб борилмоқда ҳамда уларда масъул ходимлар ва ишчи-хизматчиларнинг иштироки таъминланмоқда. Ўтган давр ичида шундай тадбирлардан 62 таси ўтказилди.

Корхона расмий сайти, радиоузели ва муассислигидаги “Кимёгар” газетаси орқали корррупция иллатига қарши муросасиз курашиш борасида доимий тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Ўтказиб борилаётган профилактик тадбирлар ва корхона раҳбарияти томонидан курилаётган чоралар натижасида жамиятда бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилиб, ишчи ходимлар ўртасида ўғирлик ҳолатлари, майда ташмачилик, моддий зарар келтириш каби ҳолатларни кескин камайишига эришилди. Айниқса, байрам ва турли маърифий, спорт тадбирлари давомида ишчи ходимларни рағбатлантириш ишлари ҳам амалга ошириб борилаётганлиги натижасида корхонада маънавий муҳит янада яхшиланишига ҳамда коррупцион ҳолатларни камайишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиб келмоқда.

Дилшод МАННОНОВ, “Фарғонаазот” АЖ бошқаруви раиси