Олтиариқ туманида 3 минг 500 гектар узумзорлар бўлиб, жорий йилда узум экспорти ҳажми 30 минг тоннадан ошиши кутилмоқда. Қиш-баҳор мавсумида ҳам ички бозорга узум етказиб бериш, экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида туманда 68 минг 800 тонна сиғимга эга 83 та музлатгичли омборхоналар ташкил этилган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Яқинда тумандаги “Қапчуғай мевалари” агрофирмасида Италиядан замонавий қадоқлаш технологияси олиб келиб ўрнатилди. Ҳозирда Олтиариқ узуми ихчам қутиларга қадоқланган ҳолда экспортга жўнатилмоқда. Бу мевани сифатли сақлаш, чиройли кўринишга эга бўлишини таъминлаш ҳамда ташишга яроқлилик муддатини ошириш имконини беради.
Янги лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида 10 дан ортиқ доимий иш ўринлари яратилди. Шунингдек, талаб ва эҳтиёжга қараб мавсумий ишчилар ҳам жалб этилади.
– Маҳсулотнинг бозорда ўз ўрнига эга бўлиши, харидоргирлигини оширишда унинг кўриниши, сифати ва дизайни муҳим аҳамиятга эга, – дейди тадбиркор Ҳусанбой Сангинов. – Узум ўртача 0,8-1 кг ҳажмда қадоқланиши харидорларга манзур бўлмоқда. Бунда маҳсулот сифати борасида унда ҳеч қандай иккиланиш бўлмайди.
Таъкидлаш керакки, лойиҳа ташаббускорлари ушбу тажриба яхши самара берса, иш ҳажми ва кўламини ошириш, шунингдек, эрта баҳордан гилос, шафтоли, ўрик сингари сархил меваларни ҳам Италия технологияси ёрдамида қадоқлаган ҳолда экспортга чиқаришни режалаштирмоқдалар.