Кейинги пайтларда юртимизда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида жуда кўп кредит дўконлари фаолият кўрсатаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Ҳозирда шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва иш ҳақи бўлса кифоя, бировлар номига кредит олиш ҳам муаммо эмас.
Бунга бир мисол.
Қўштепа туманида яшовчи Аваз Шохиев ўғлининг вилоят ҳокимлигида ишлашидан фойдаланиб бир «бизнес» га қўл урди. Яъни, таниши Мақсад исмли шахс унга кредит олмоқчи бўлган танишларига ёрдам беришини сўради. Ҳамда Мафтуна Турсунова ва Зулайҳо Амирқуловаларнинг маълумотларини айтди. Аваз Шохиев эса ўғлини автомашинасида “Зубайр бек” оилавий корхонаси ва “Муродил Номонжон” МЧЖ ларнинг юмалоқ муҳрини кўргани ёдига тушди ва дарров иш ҳақи маълумотномасини тайёрлаб беришга рози бўлди. Маълумотномани қўлёзма ҳолида тайёрлаб, уни Фарғона шаҳридаги комьпютер хизмати марказида чоп эттирди.
Шундан сўнг ушбу маълумотномаларга ўғлини автомашинасидан “Зубайр бек” оилавий корхонаси ва “Муродил Номонжон” МЧЖнинг думалоқ муҳри ва тўртбурчак штампини босиб, раҳбар ва бухгалтер фамилиялари олдига ўзи тахминий имзоларини қўйди. Тайёр бўлган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномаларни эгаларига бериб, уларга йўл бўйидаги “Ҳамроҳ” кредит дўконини кўрсатди. Мижозлар ҳам дўкондан ўзларига керакли бўлган буюмларни олгач, нарсаларини олиб кетишлари учун яна Аваз Шохиевдан автомашина топиб беришда ёрдам сўрашди.
Аваз Шохиев уларга “Damas” русумли автомашинаси ҳайдовчиси таниши Тўлқинни чақириб берди. Орадан бироз ўтиб, Тўлқин қўнғироқ қилиб, Мафтуна “Ҳамроҳ” кредит дўконидан олган нарсаларини сотиш учун харидор қидираётганини айтди.
Аваз Шохиев уларга маиший техника воситалари билан савдо қиладиган таниши Баҳодирни телефон рақамини берди. Ишлари хамирдан қил суғургандек битганидан хурсанд бўлган кимсалар албатта Аваз Шохиевни ҳам қуруқ қўйишмади. Шу куни кечки пайт Мафтуна ва уни шериклари Мақсад, Зулайхо ва Комилжонлар келишиб, хизматлари учун Аваз Шохиевга 200.000 сўм беришди.
Аммо… Қинғир ишнинг қийиғи чиқиб, буларнинг кирдикорлари ҳам фош бўлди. Олиб борилган текширувлар натижасида айбдорлар айбига иқрор бўлди. Аваз Шохиев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилди. Ҳамда унга нисбатан тегишли тартибда Суд ҳукми ўқилди.
А.ЭРГАШЕВ, Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг раиси