Ҳозирги кунда интернет тармоғидан мамлакатимиздаги 7 ёшдан (балки 3 ёки 5 ёшдан) 70 ёшгача бўлган аҳоли қатлами фойдаланиб келмоқда десак, асло муболаға бўлмайди. Зеро, замона зайли билан интернет, ижтимоий тармоқ, IT технологиялар кириб бормаган соҳа ёки хонадонни топишнинг ўзи мушкул масала.
Ҳаётимизга кириб келган ушбу ижобий янгиликдан ҳар ким ҳар хил мақсадларда фойдаланмоқда. Кимдир хизмат зарурати юзасидан, кимдир оилавий эҳтиёжи бўйича – яқинлари билан дийдорлашиш учун, кимдир эрмак учун вақт ўтказиш билан оввора бўлса, яна айрим кимсалар тармоқ орқали бошқаларни чув тушириб, алдаб, ўзганинг маблағини ўзлаштиришни ўзига касб қилиб олган.
Сўнгги вақтларда радио, телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали интернет фирибгарлигидан огоҳ бўлишга оид қатор мақолалар эълон қилинди, аҳолини хушёрликка чақирувчи хабарлар тарқатилмоқда. Бироқ, фирибгарлар тузоғига тушиб қолаётган ватандошларимиз сони кундан-кунга ортиб бормоқда.
Айни вақтда фирибгарлар томонидан интернет тармоғи орқали фойдаланилаётган, кенг тарқалган асосий схемалар қуйидагилар:
“Фишинг” – мазкур схема орқали фирибгарлар фуқароларга тегишли банк карталарининг рақами ва махфий кодини қўлга киритган ҳолда банк картасидан маблағни ечиб олади. Схема қоидасига кўра, уларга банк картаси рақами ва кодини ишонувчан, алдов қурбонига айланган фуқаронинг ўзи тақдим қилади.
Интернет дўконларнинг сохта дубликатларини яратиш. Расмий равишда фаолият кўрсатиб келаётган интернет дўконлар дубликати яратилиб, айрим товарлар арзон нархда сотувга қўйилади, кўпчилик фуқаролар арзон нархга учиб ушбу товарларни пул ўтказиш йўли билан сотиб олишга уринади, бироқ пул ўтказилгандан сўнг товар етказиб берилмайди.
Интернет-банкинг хизматларининг сохта дубликатларини яратиш. Фирибгарлар томонидан банк ва тўлов иловаларининг сохта версиялари яратилади ҳамда фойдаланувчилар мазкур иловалардан рўйхатдан ўтганда, ўзининг шахсий маълумотларини киритишга мажбур бўлади. Шахсий маълумотлардан фойдаланган фирибгарлар ҳисоб рақамидаги маблағни ўзлаштириб олади.
Электрон почта блоклангани тўғрисидаги хабар. Фирибгарлар сизнинг электрон почтангиз блоклангани тўғрисида сохта хабар юбориб, уни очиш учун маълум миқдорда пул талаб қилади.
Катта ютуқ ёки турли саҳоват акциялари. Фирибгарлар томонидан сиз катта ютуққа эга бўлганингиз тўғрисида хабар юборилиб, уни сизга юбориш ҳаражатлари учун маълум миқдорда пул талаб қилинади. Сохта маълумотлардан фойдаланган ҳолда саҳоват акциялари ўтказилади, аслида йиғилган пуллар фирибгарларнинг чўнтагига тушади.
Интенет тармоғидаги ножўя ҳаракатларингиз учун жарима. Ички ишлар вазирлиги номидан сизга интернет тармоғида ноқонуний сайтларга кирганингиз ёки рўйхатдан ўтганингиз учун жарима қўлланилгани тўғрисида қарор ёки хабар юборилиб, жарима суммасини кўрсатилган ҳисоб рақамига маълум муддатда тўлаб бермасангиз жавобгарликка тортилиш тўғрисида огоҳлантириласиз.
Умуман олганда, фирибгарлар томонидан интернет тармоғида ўзгалар мулкини ўзлаштиришнинг усул ва воситалари мунтазам янгиланиб, такомиллаштириб келинмоқда.
Ҳақли савол туғилади, фуқароларимизни ушбу кўзга кўринмас фирибгарлар ҳужумидан ҳимоя қилишнинг қандай чораси бор?
Менимча, фирибгарларнинг тузоғига тушмасликнинг энг осон ва самарали усули фуқароларнинг интернет саводхонлигини ошириш ҳисобланди. Зеро, расмий, лицензияга эга сайтларнинг сохта, ҳеч қандай расмий мақомга эга бўлмаган, норасмий сайтлар билан фарқини тушуна олмаган одамлар интернет тармоғидан фойдаланар экан, қайта ва қайта фирибгарлар тузоғига тушиши табиий ҳолдир.
Бахтиёр ЮЛДАШЕВ, Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси