“Шундай асарларим борки, уларни юқори мартабали меҳмонларга ҳам сотмаганман”.
“Ҳатто қўшни Қирғизистонга ҳам чиқмаганман”.
“Мен дунёга чиқмайман, дунёни қишлоғимга олиб келаман”, деб ният қилгандим.
Риштонлик таниқли кулол, Риштон кулолчилик мактабига ўзига хос янги йўналиш олиб кирган уста-ҳунарманд, ўз қишлоғида уй-музей ташкил этган тадбиркор Ўзбекистон Республикаси бадиий академияси аъзоси, «Дўстлик» ордени соҳиби, республикада биринчилардан бўлиб очилган кулолчилик музей устахонаси раҳбари Тоҳиржон Ҳайдаровнинг ҳар бир гапини бемалол сарлавҳага олиб чиқиш мумкин.
Риштоннинг Жалоер қишлоғида туғилиб ўсган ва бир неча марта катта-катта шаҳарларда яшаш имконияти туғилса-да, ўз қишлоғини ташлаб кетмаган Тоҳиржон Ҳайдаров билан ватанпарварлик, ҳунармандлик, миллатсеварлик мавзуларида суҳбатлашдик.
Суҳбатдошим болалигини хотирлар экан, нега қишлоғидан бошқа жойга кўчиб кетмаганини шундай изоҳлайди:
Мен шу Жалоер қишлоғида туғилиб катта бўлдим. Болалигимда момом биз Жалоер уруғиданмиз, бу уруғ ўзбекнинг 90 уруғининг энг каттаси, бизни ҳамма минг қўйли Жалоер деб атайди деб, менда ўз уруғимга, миллатимга, қишлоғимга муҳаббат уйғотган. Ота-онам оддий кишилар бўлган. Мени асосан момом тарбиялаган. У киши жуда сўзга уста, мақол-маталларни ўрни-ўрнига қўйиб гапирадиган аёл эдилар. Болалигимданоқ меҳнатга ошно бўлдим. Ота-онамга кўмаклашиб, деҳқончилик қилдим. Ўсмирлик чоғларимда ярим қоп сабзини орқалаб, Риштоннинг марказий бозорига бориб сотиб келардим. Бир куни бир чол “Болам, қайси қишлоқдансан, деб сўраб қолди. Мен Жалоер қишлоғиданман десам, суҳбатдошим “У қишлоқ қаерда” дея яна саволга тутди. Биров устимдан қайноқ сув қуйиб юборгандек бўлди гўё. Чунки мен қишлоғим номини айтсам, ҳамма қаердалигини билади, энг гўзал ва таниқли қишлоқ бизнинг қишлоғимиз деб ўйлар эканман. Уйга келиб, момомга “эна, нега бизнинг қишлоқни риштонликлар билмайди. Ахир ўзингиз Жалоер энг катта уруғ, бу ерни ҳамма билади дердингиз-ку”, дедим йиғламсираб. Энам бу саволимга дарров жавоб бермади. Ёнида турган чойнакдан бир пиёла чой ичди-да, менга қараб “болам, қишлоқ одамларни танитмайди, шу қишлоқда туғилиб-ўсган кишилар қишлоқни танитади. Агар сен қайсидир соҳада пешқадам бўлсанг, ниманидир зўр эплай олсанг, кейин бизнинг қишлоқ ҳам таниқли бўлади. Одамлар “ҳа, у қишлоқми? Ўша қишлоқдан фалончи Тоҳиржон чиққан” дея тилга олади”, деб жавоб берган эдилар. Энамнинг шу гапларидан кейин, “Мен қишлоғимни бутун дунёга танитаман, қишлоғимга дунёни олиб келаман”дея ният қилгандим. Мана, ниятим холис экан, бугун мен ташкил этган шу музейга бутун дунёдан сайёҳлар келиб, томоша қилиб кетишяпти.
Тоҳиржон Ҳайдаров 2000 йилгача республикадаги энг таниқли журнал “Муштум” билан ижодий ҳамкорлик қилган. У 1970 йиллардан бошлаб журнал учун карикатуралар чиза бошлаган.
Ўзим ўрта маълумот олганман, холос, – дейди Тоҳиржон ака суҳбатни давом эттириб, – журналга хилма-хил мавзуларда карикатуралар чизиб берардим. 1985 йиллардан кейин пахта яккаҳокимлиги, СССРнинг қулаши, Орол денгизининг қуриши, ўша пайтдаги раҳбарларнинг амал курсисидан тушганидан кейинги ҳолати ҳақида ўнлаб сиёсий карикатуралар чизганман.
Бир куни журнал бош муҳаррири Неъмат Аминов “Ука, ҳушёр бўл, сенинг карикатураларинг сабаб душманларинг ҳам кўпайди. Энди, иложи бўлса, сиёсий карикатуралар чизмай тур”, деди. Шунда жуда бошим қотди. “Энди нима қиламан, қандай қилсам, ичимдаги ижодга бўлган иштиёқни сўндираман” деб ўйлай бошладим. Шундай кунларнинг бирида, 1987 йил эди ўшанда, бир юмуш билан Ўзбекистон халқ устаси Набижон Қодировнинг кулолчилик устахонасига бориб қолдим.
У ердаги сопол буюмларни кўздан кечирар эканман, менда ҳам кулолчиликда ўзимни синаб кўриш истаги туғилди.
Тўғрисини айтаман, гарчи ўзим риштонлик бўлсам-да, 25-26 ёшимгача бир дона ҳам кулолчилик буюми ясамаган эдим. Ўзимни карикатурачи рассом деб билардим ва умримнинг охиригача фақат қоғозга карикатура чизаман деб ўйлардим.
Набижон Қодировга кулолчиликка қизиқиб қолганимни, агар устозлик қилса, бу ҳунарни жон деб ўрганишимни айтдим. Ўзим тайёрлаган сопол буюмларга игнада турли шакллар чизиб, шеърлар ёзиб, портретлар чизишни бошладим. Шу тариқа Риштон кулолчилик мактабига янги йўналиш – сополга игнада чизиш йўналишини олиб кирдим.
Тоҳиржон Ҳайдаровнинг ютуғи нимада? Биринчидан, қаҳрамонимизгача Риштонда ҳеч бир кулол сопол буюмга игнада гул солмаган, турли шаклларни чиқармаган ва энг муҳими, сопол буюмга портрет ишламаган эди. Тоҳиржон Ҳайдаров турли ҳажмдаги лаганлар, кўзаларга игна ёрдамида шеърлар ёзади, турли шажараларни муҳрлайди, миниатюралар чизади. Шу тариқа ўзига хос санъат асари дунёга келади.
У ўз қишлоғида кулолчилик мажмуасини ташкил этган. Мана шу уй-музейда устахона, кўргазмалар, кутубхона ва меҳмон уйи бор. Тоҳиржон аканинг шоҳ асарлари мана шу устахонада яралади.
Биламизки, дунё яралгандан то сўнгги пайғамбар – Муҳаммад (С.А.В)гача бир юз йигирма тўрт мингта пайғамбар бўлгани айтилади. Аммо уларнинг 25 нафари Қуръони Каримда зикр этилган. Мен ана шу пайғамбарларнинг номини бир лаганга сиғдирганман. Ҳаммасини игна билан ёзиб чиққанман, – дейди суҳбатдошим.
Унинг уй-музейини томоша қилар экансиз, ҳайратингиз ошаверади. Оддий бир чекка қишлоқда ҳам санъат асарлари кўргазмаси бўлиши мумкинми, нега бу одам ўз ижодини пойтахтда ёки каттароқ бошқа шаҳарларда давом эттирмайди, бу каби асарларни яратиш учун муаллиф нечта китоб ўқиган, қанча манбага мурожаат қилган, қанча тарихчи-олимлар, мутахассислар билан маслаҳатлашган экан-а, деб ўйлайверасиз.
Ҳа, ҳар бир яратмоқчи бўлган асарим ҳақида аввал маълумотларни тўплаб оламан. Масалан, шажаралар ҳақидаги асарларимда ўзим тарихий китобларни ўқиб, бир неча марта тарихчи олимлар билан суҳбатлашиб, маслаҳатлашиб, кейин бу ишга қўл урганман. Ёки Навоий асарларига ишлаган миниатюраларим дунё юзини кўргунча бир неча марта ҳазрат асарларини ўқиб чиққанман. Ўқиб-ўрганмасангиз, изланмасангиз, тўғри маълумотларни топа олмайсиз. Шунинг учун доимо изланиш, мутолаа, ўрганиш шиоримдир.
Тоҳиржон Ҳайдаровнинг ўзига хос коллекцияси мавжуд. Бу – Ўзбекистоннинг энг таниқли олимлари, шоир ва ёзувчилари, давлат арбоблари, санъаткорлар тасвири туширилган лаганлар. Масалан, Карим Баҳриев чизилган лаганга унинг икки қатор шеъри ёзиб қўйилган.
Мен ўзим ҳурмат қилган, ижоди билан миллатга, Ватан равнақига катта ҳисса қўшган кишилар суратини карикатура қилиб сопол лаганга чизаман. Ҳозиргача бу каби лаганлар сони юздан ошиб кетди. Уларнинг бирортасини сотмаганман ва чизилган одам сўраса ҳам бермаганман. Нимага? Чунки бу каби асарлар халқ мулки, тарих бўлиб қолиши керак. Биздан кейинги авлодлар ҳам мана шу музейга келиб, тарихни ҳам ўрганиб кетиши шарт.
Ижодкор кулол Тоҳиржон Ҳайдаровнинг уй-музейида сиз ўзбек, рус, инглиз, немис тилларида ёзилган ҳикматли сўзлар, шеърлар, буюк кишиларнинг энг ибратли ибораларини ўқишингиз мумкин.
Мана, Соҳибқирон Амир Темурнинг лаганга ёзилган сўзлари “Агар одам қўли билан ишласа, у одам косибдур. Агар одам қўли ва ақли билан ишласа, у одам устадур. Агар одам қўли, ақли ва юраги билан ишласа, демак у ҳақиқий ҳунарманддур”.
Тоҳир кулол, Тоҳир сопол сифатида танилган қаҳрамонимизнинг ватанпарвар ва миллатпарварлиги, ўз ишига садоқати ҳар биримизга намуна бўлса арзийди.