Фарғона шаҳридаги “Тадбиркорлар уйи”да Ўзбекистон Республикасининг “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонуни лойиҳасининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтиришга бағишланган тадбир ташкил этилди.
Унда вилоят ҳокимлиги гуруҳ раҳбари Юсуфжон Камолов, “Киберхавфсизлик маркази” ДУК масъул ходимлари, вилоят бошқарма ва ташкилотларининг АКТ мутахассислари иштирок этди.
Спикерлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан жорий йил 25 февралда қабул қилинган, Олий Мажлис Сенати томонидан 2022 йил 17 мартда маъқулланиб, 17 июлдан кучга кириши белгиланган ушбу қонун лойиҳасида киберхавфсизлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш кўзда тутилганлигини таъкидладилар.
Қонун 8 боб, 40 моддадан иборат бўлиб, киберхавфсизликни таъминлашда қонунийлик, кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишнинг устуворлиги каби бир қатор принципларни ифода этган.
Қонун лойиҳасини тайёрлашда Россия, Хитой, АҚШ, Қозоғистон, Сингапур, Украина, Грузия каби давлатларнинг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги ҳужжатлари ўрганиб чиқилган.
Тадбирда шунингдек, компьютер ҳодисаларига жавоб бериш – таҳдидларни аниқлаш, ҳужумлар ва уларнинг оқибатларини аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш каби масалалар тушунтирилди. Хусусан, турли хаккерлик ҳужумларидан веб-сайт ва веб-иловаларнинг хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларига эътибор қаратилди.