Ҳурматини билмаганнинг жазоси

Баҳодир Игамбердиев илгари икки марта судланиб, тегишли жазо олган бўлсада, бундан ўзига хулоса чиқариб олмади. У Фарғона шаҳар П.Маҳмуд кўчасида жойлашган “Мукаммал нигоҳи” номли савдо мажмуаси олдида жамоат жойида маст ҳолатда бақир-чақир қила бошлади.

Жамиятда юриш-туришини унутган бу кимсани тартибга чақириш учун келган, ўз хизмат вазифасини бажараётган Фарғона вилояти Миллий гвардия бошқармаси Патруллик отряди ходими А.Жўрақўзиевни ҳақорат қилиб, унинг ёқасига ёпишди.

Бу ҳолатга гувоҳ бўлган Миллий гвардия ходимлари воқеа жойига келиб, уни тартибга чақиришди ва улар билан бирга участка нозири хонасига боришлигини таклиф қилишди. Б.Игамбердиев эса мастликда уларга фаол қаршилик кўрсатди. Хизмат кийимларини йиртиб юборгани етмай, ходимларга ҳам тан жароҳати етказди.

Натижада, Миллий гвардия ходимлари шифохонага мурожаат қилишди. Суд тиббий экспертизасининг хулосаларига кўра, ходимларда тан жароҳатлари аниқланди.

Ҳеч бир жиноят жазосиз қолмаганидек, унинг бу қилмиши ҳам жазосиз қолмади. Бўлиб ўтган суд мажлиси унга тегишли жазо қўллади.

А.ЭРГАШЕВ, 

Фарғона вилояти Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг раиси