“IT-Park University” рақамли университети ташкил этилди

Вазирлар Маҳкамасининг 01.06.2022 йилдаги “IT-Park University» рақамли университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 297-сон қарори қабул қилинди.

Қарор билан қуйидагилар белгиланди:

  • университет масъулияти чекланган жамият шаклидаги ахборот технологиялари соҳалари бўйича кадрлар тайёрловчи нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;

  • Университетда таълим фаолияти 2022/2023 ўқув йилидан бошланади ҳамда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

  • Университетда таълим жараёни кредит-модуль тизими асосида ташкил этилади ҳамда Интернетдан фойдаланган ҳолда масофавий таълим шаклида олиб борилади, шунингдек, «Таълим тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ бошқа таълим шаклларида ҳам амалга оширилиши мумкин;

  • Университетга таълим фаолияти билан шуғулланиш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан лицензия берилгандан сўнг рухсат этилади.

Университетнинг асосий фаолият йўналишлари:

  • ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот тизими ва компьютер тармоқларини бошқариш соҳалари бўйича олий маълумотли кадрларни халқаро стандартлар даражасида тайёрлаш;

  • ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

  • университет ўқув жараёнини илғор хорижий тажриба ва замонавий таълим технологиялари асосида ташкил этиш ҳамда очиқ ахборот-таълим муҳитининг ривожланишига кўмаклашиш;

  • республика ва хорижий етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари, дастурий маҳсулот ишлаб чиқувчи ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари истеъмолчилари билан ҳамкорлик қилиш.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.06.2022 йилдан кучга кирди.