Ҳукуматнинг 2 апрелдаги қарори билан Кўчмас мулк ижара ёки текин фойдаланиш шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш маъмурий регламенти тасдиқланди, дея хабар қилди Адлия вазирлиги.
Кўчмас мулк бирламчи ижарага (текин фойдаланишга) олган шахс томонидан иккиламчи ижарага (текин фойдаланишга) берилиши мумкин. Иккиламчи ижаралар ҳам солиқ органларида ҳисобга қўйилиши керак.
Шартномани ҳисобга қўйиш Давлат солиқ қўмитасининг ахборот тизими орқали фақат электрон шаклда амалга оширилади.
Ижарага берувчи томонидан тизим орқали юборилган шартнома ижарага олувчи томонидан 5 кунда тасдиқланмаса шартнома солиқ органларида ҳисобга олинмайди. Шартнома ҳисобга қўйилганда QR-кодли гувоҳнома берилади.
Шартнома тарафлар келишувига биноан ёки бошқа тартибда муддатидан олдин бекор қилинса ёки ҳақиқий эмас деб топилса, ижарага берувчи томонидан онлайн ҳисобдан чиқарилади.
1 январдан бошлаб юридик шахслар кўчмас мулкни ижарага бериш ёки текин фойдаланишга доир шартномаларни солиқ органларида рўйхатдан ўтказишлари шартлиги белгиланди. E-ijara хизматида шартномалар рўйхатдан ўтказилмагани солиқ хавфи юқорилиги мезонларидан бири сифатида эътироф этилади, деб хабар қилди Давлат солиқ қўмитаси.