Тергов жараёнида фуқаронинг қадр-қиммати камситилса, унга етказилган зарарни давлат тўлаб беради. 29 март куни президент томонидан имзоланган [ЎРҚ-761-сон] қонун асосида Фуқаролик кодексига тегишли қўшимча киритилди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.
Терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суд томонидан шахсга нисбатан ҳар қандай қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарар давлат томонидан тўла ҳажмда қоплаб берилади.
Эслатиб ўтамиз, Фуқаролик кодексига қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган зарарлар билан бирга, бой берилган фойда ва сарфланган харажатлар ҳам тўлаб берилиши назарда тутган қўшимчани киритиш тўғрисидаги қонун ўтган йилнинг 28 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган, 17 мартда эса Сенат томонидан маъқулланган эди.