ХОТИН-ҚИЗЛАР МУАММОЛАРИ ЖОЙИДА БАРТАРАФ ЭТИЛМОҚДА

Аёлни бежиз гулга  қиёслашмайди. Зеро, бу нозик хилқат вакиллари нафосат, гўзаллик, садоқат ва меҳр-муҳаббат тимсоли ҳисобланади. Аёл бу – меҳрибон она, суюкли ёр, оқибатли опа ёки сингил.

Аёлга қанча таъриф берсак ҳам кам. Шунинг учун ҳам ўзбек халқида Она Ватан, Она Юрт, Она табиат, Она тилим деган тушунчалар мавжуд. Бироқ дунёнинг барча мамлакатларида бу нозик хилқат вакиллари жиноятлар қурбонига айланиши, тазйиқ ва зўравонликка учраб туриши аччиқ ҳақиқат.

Шу боис хорижий мамлакатларда зўравонликка, хусусан маиший зўравонликка, хотин-қизларга нисбатан қўлланиладиган тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш муаммосига катта эътибор берилади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, улар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Ҳозирги кунда хотин-қизлар масалалари чуқур таҳлил қилинганда, юртимизда айнан аёллар томонидан содир этилаётган жиноятчилик салмоқли даражадалиги кузатилмоқда. Содир этилаётган қилмишларнинг ўзбек аёлларига хос эмаслиги ва шаънига умуман тўғри келмаслиги эса бизни чуқур ўйга толдирмасдан қолмаяпти. Ёш оилаларда ажрашишлар сони тобора кўпайиб бораётганлиги, қайнона-келин, эр-хотин ва бошқа яқин қариндошлар ўртасидаги келишмовчиликлар ҳамда оиладаги ёши катталарнинг насиҳатларига бепарволик билан қараганлиги натижасида оила муқаддаслигини унутиб қўяётганлиги, маҳалла фуқаролар йиғинидаги яраштирув комиссиялари ҳам ушбу бўлаётган ажрашишларнинг олдини олишга етарлича ҳуқуқий ёрдам бера олмаётганлиги, турмушга чиқаётган ёш қизларимиз турмуш қуришга тайёр эмаслиги ва айрим ота-оналар ёш оилаларнинг ажрашиб кетишига ўзлари сабабчи бўлаётганлиги ушбу муаммоларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб, оммага ҳуқуқий ёрдам бериш даркорлигини кўрсатмоқда.

Риштон туманида ҳам аёлларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни тушкун кайфиятдан чиқариш борасида туман Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими, туман ФҲДЁ бўлими, хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий тадбирларни мувофиқлаштириш бўйича тарғибот гуруҳи, маҳалла фуқаролар йиғинларидаги хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, шунингдек бошқа ҳамкор ташкилот ва идоралар билан биргаликда тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Бундай ҳамкорликнинг мақсади хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилишининг олдини олиш, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатиш, ёш оилалардаги ажримларнинг сабабларини аниқлаш, баратараф қилиш, аёлларга психологик ёрдам кўрсатиш, ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлашдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ 5938-сонли Фармонида, хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Аниқланган ана шундай тоифадаги аёлларга турли хилдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, тикув машиналари ва шу кабилар берилиб уларнинг ҳолидан хабар олиб келинмоқда. Шунингдек оилаларда аёлларга нисбатан қилинган ҳар қандай жисмоний, руҳий тазйиқ ёки зўравонлик ҳолатлари юзасидан хотин-қизларга профилактика инспекторлари томонидан “Ҳимоя ордери” бериш орқали низолар бартараф этилиши амалиётга татбиқ қилинди.

Натижада,  2021 йил давомида 478 та ва жорий йилнинг икки ойи давомида 74 та тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга Ҳимоя ордерлари берилди.

Асосий мақсадимиз аёлларни ҳимоя қилиш, уларни зўравонликнинг турли кўринишларидан асраш, улар учун эртанги кун меваларини етиштириб бераётганликлари сабабли барча шароитларни яратиб беришдир.  

Зеро, шоирлар таърифлаганидек, бир қўлида бешикни, бирида дунёни табратган ўзбек аёлига фақатгина нафосат, гўзаллик ва иффат билан йўғрилган тасбеҳлар ярашади.

Гулноза ЗИЁПОВА, Риштон тумани ИИБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор, майор