Қарийб икки ой ўтиб, кунлик COVID-19 ҳолатлари сони 100 тадан камайди

28 февраль, душанба куни Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилоятидан ташқари барча ҳудудида 96 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди. Бу бир кун олдинги (106 та) ҳолатга қараганда 10 тага кам.

Кун давомида 12 нафар фуқарода (якшанба куни 15 кишида) пневмония аниқланди, деб хабар берди ССВ.

Пандемия бошидан бери коронавирус билан касалланганларнинг расмий рўйхатга олинган сони 236 501 нафарни ташкил этмоқда.

Душанба куни энг кўп ҳолат Тошкент шаҳри (49 та) ва вилояти (20 та), Самарқанд ва Бухоро вилоятларида (5 тадан) қайд этилди. Қолган ҳудудларда эса 4 тадан камроқни ташкил этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилоятида эса COVID-19`ни юқтириб олиш ҳолатлари кузатилмади.

Касалликдан соғайганларнинг умумий сони 233 096 нафарни ташкил этмоқда.

Шунингдек, 1 бемор коронавирус асоратлари оқибатида вафот этди, ўлим ҳолатлари жами 1636 тага етди.