Президент топшириғи билан электр энергияси таъминотида юзага келган йирик узилишлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича бош вазир ҳузурида ҳукумат комиссияси тузилди
Президент топшириғига биноан электр энергияси таъминотида юзага келган носозликлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича бош вазир Абдулла Арипов ҳузурида ҳукумат комиссияси тузилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Комиссия томонидан биринчи навбатда генерация жараёнини тиклаш ҳамда юқори ва паст кучланишли электр тармоқларига кучланиш бериш орқали истеъмолчиларнинг электр таъминотини тиклаш вазифаси қўйилди.
Ҳукумат комиссияси энергетика соҳаси вакилларига содир бўлган носозликлар такрорланмаслиги, сабабларини аниқлаш, электр таъминотининг барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда зудлик билан амалга ошириш юзасидан қатор вазифалар юклади.
«Ягона электр тармоғига уланган Ўзбекистон электр тармоғи бу авариянинг салбий таъсири натижасида Тошкент ва Сирдарё иссиқлик электр станцияларида (ИЭС) аварияга қарши ҳимоя тизими ишлаб кетиб, иккала станциянинг ҳам автоматик равишда ўчишига олиб келган. Бу ҳолат ўз ўрнида Талимаржон ва Тўрақўрғон ИЭСларнинг иш фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатган», — дейилади вазирлик хабарида.
Натижада Фарғона ва Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона водийси ҳудуди, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари тармоқларида электр энергияси таъминотида узилишлар қайд этилган.
«Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон электр таъминоти тизими Марказий Осиё электр энергетика тизими билан параллель равишда ишлайди. Умумтизимнинг маълум бир ҳудудида кузатилган носозликлар бошқа ҳудудларни авариядан сақлаб қолиши, ёки аксинча, унинг барқарор ишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Аварияга қарши релели ҳимоя ва автоматика тизими энерготизим барқарорлиги учун амалга ошириладиган техник-муҳандислик ҳолати бўлиб, у тизимда турли носозлик ҳамда ёнғинлар чиқишининг олдини олади», — дейилади баёнотда.