Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Тошкентдаги умумтаълим мактаблари директорлари билан коррупцияга барҳам бериш ва таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштиришга бағишлаб учрашув ўтказди. Бу ҳақда ХТВ матбуот хизмати хабар қилди.
Вазир 5 сентябрь куни давлат раҳбарининг «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони имзоланганини эслатиб ўтди. Ушбу ҳужжат мактабларга ижара, ҳомийлик, қўшимча тўгараклар ва хизматлар кўрсатиш орқали бюджетдан ташқари қўшимча маблағ ишлаш имкониятини очиб берди. Маблағларни ўқитувчилар ва директорларни рағбатлантиришга йўналтириш имконияти ҳам мавжуд. Авваллари мактаблар ўзлари қўшимча ишлаган даромадларининг кичик қисмини сарфлаш имкониятига эга эди ва кўрсатилаётган хизматларни қонуний расмийлаштиришга қизиқиш жуда суст бўлган.
Халқ таълим вазирлиги раҳбариятининг таъкидлашича, мактаб директорлари қонуний ишлашлари ва берилаётган имкониятлардан фойдаланишлари лозим. Пойтахт мактаблари қолганлар учун ўрнак бўлиш кераклиги айтилди.
Шу билан бирга, талаб юқори бўлган мактабларда болаларни таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда коррупция белгиларини йўқотиш учун келгуси ўқув йилидан бошлаб ушбу мактабларга қабул қилиш Адлия вазирлиги қошидаги Давлат хизматлари агентлигининг ягона дарча маркази орқали амалга оширилади. Бу орқали ноқонуний ҳаракатларни амалга ошираётган раҳбарлар ва уларнинг воситачиларининг шахсий манфаатлари йўлидаги ҳаракатларига чек қўйилади.
Шунингдек, ота-оналар томонидан талаб юқори бўлган мактабларга тармоқ мактаблари ташкил этиш ҳуқуқи тақдим этилади. Бу эса мактабларда жой етишмаслиги ва коррупция омилларининг камайишига ёрдам беради.
Муваффақиятли фаолият юритаётган директорлар ушбу тармоқ мактаблари ҳисобидан кўпроқ маблағлар ишлашлари, бу эса мактаб пул маблағларини молиялаштириш тизими («Пул ўқувчи ортидан келади» тамойили)ни самарали жорий этиш орқали амалга оширилади. Ушбу тизим орқали муваффақиятли мактаблар кўпроқ молиялаштиришга эга бўлади.
Ҳозирги кунда Тошкентдаги юзга яқин мактаблар ўзларининг лойиҳавий қувватларидан кам бўлган контингент билан ишлаётгани, уларнинг директорлари таълим беришни сифатли даражада йўлга қўяолмаётгани ва ота-оналар фарзандларини бундай мактабларга юборишдан манфаатдор эмаслиги айтиб ўтилди. Ваҳоланки, ўз фаолиятини самарали ташкил этган мактабларда эса жой етишмовчилиги мавжуд ва таълим бир неча сменада ташкил этилган. Шунингдек, мактаб директорларига ўзлари раҳбарлик қилаётган муассасаларда таълим бериш бўйича хизматларнинг самарадорлигини ошириш вазифаси юклатилди. Агар вазият ўзгармаса, паст кўрсаткичли мактаблар муваффақиятли фаолият юритаётган мактабларнинг филиалига айлантирилиши таъкидланди.
Шу билан бирга, мактаб директорлари турли мақсадлар учун ноқонуний пул йиғимларга чек қўйишлари лозим. Учрашув давомида вазирлик яқин кунларда мактабларда он-лайн тўлов тизимлари орқали ҳомийликни янги механизмларини ишга туширилиши, ушбу тизм орқали мактаб директорлари муваффақиятга эришган битирувчиларини ўз мактабига ёрдам бериш мақсадида ҳомийлик маблағларини жалб этишлари мумкинлиги айтиб ўтилди.