Фото: t.me/uzbairportsuz

Ўзбекистонга айрим хориж давлатлардан келганлар мажбурий карантинга олинади

ССВ Матбуот хизматининг хабарига кўра, айрим хориж давлатларидан Ўзбекистон ҳудудига кириб келган йўловчилар мажбурий карантинга олинади. 

Ўзбекистон ҳудудига коронавирус инфекциясининг янги “омикрон” штамми кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида бир қатор янги тартиб ва чекловлар белгиланди.

Жумладан, эндиликда хорижий давлатлардан Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар:

— Мамлакатга ташриф буюришидан камида 72 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЗР-тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичга эга маълумотномага эга бўлишлари лозимлиги;

— Коронавирус инфекциясига ПЗР-тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичга эга маълумоти мавжуд бўлмаганда, аэропорт, темир йўл вокзаллари ва чегара ўтказиш пунктларида ташкил этилган коронавирус инфекциясига экспресс тест топширишлари шартлиги белгиланди.

Шунингдек, Республика махсус комиссиясининг қарори билан Австралия, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Дания, Исроил, Италия, Нидерландия, Чехия ва Миср давлатлари ҳудудидан Ўзбекистон ҳудудига кириб келувчи йўловчилар юқоридаги талаблар бажарилгандан сўнг мамлакат ҳудудига кириб келган кундан эътиборан ўн кун давомида мажбурий уй карантини ёки ўз ҳисобларидан меҳмонхонага карантинга жойлаштирилади.