Автовокзалларда нималар бўлиши керак?

Транспорт вазирининг буйруғи билан Йўловчи автовокзаллари ва йўловчи автостанциялари тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Низом ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, автовокзаллар ва автостанцияларнинг фаолият юритиш тартибини белгилайди. У қуйидагиларни назарда тутади:

  • автовокзаллар ва автостанцияларга  қўйиладиган умумий талаблар;

  • автовокзаллар ва автостанцияларнинг асосий вазифалари, уларнинг ишлаш режими;

  • қуйидагиларни ташкил қилиш:

    • ҳаракатини ва йўловчиларга маданий ва ижтимоий хизматлар кўрсатишни;

    • автовокзалнинг ахборот хизматини;

    • кассалар, багаж хоналари ишини;

  • шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда банд бўлган автотранспорт воситалари ишини диспетчер хизмати орқали бошқариш тартиби.

Автовокзалнинг тоифаси ва автостанциянинг классини ҳисобга олган ҳолда унинг ҳудудида қуйидагилар жойлаштирилиши лозим:

  • йўловчилар учун мўлжалланган бинолар ва хоналар;

  • чипта кассалари;

  • ёш болали йўловчиларга мўлжалланган хоналар;

  • ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг узоқ вақт дам олишига мўлжалланган меҳмонхоналар;

  • маъмурият хонаси;

  • умумий овқатланиш шохобчалари;

  • тиббий пунктлар;

  • қўл юкини (багажни) сақлаш хоналари;

  • йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш учун монитор орқали кузатиш қурилмалари ўрнатилган хоналар;

  • йўловчиларни чиқариш ва тушириш перронлари;

  • техник кўрикдан ўтказиш ва автотранспорт воситалари салонларини тозалаш постлари;

  • автовокзал (автостанция) ҳудуди бўйлаб ҳамда чиқариш ва тушириш перронларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўриндиқли аравачалари учун мўлжалланган йўллар;

  • ногиронлиги бўлган шахсларни ўриндиқли аравачалар билан чиқариш ва тушириш учун мўлжалланган жойлар.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 06.10.2021 йилдан кучга кирди.