Биз уларнинг ҳар иккиси билан суҳбатлашганимизда уларда коммунал тўловлар, тўловларни амалга ошириш муддатлари, вақтида тўламаслик келтириб чиқарадиган ҳуқуқий оқибатлар юзасидан етарли билимлар шаклланганлигини кузатдик. Лекин коммунал идораларнинг расмий сайтларида уларнинг ўз шахсий кабинетлари мавжудлиги, унга мобил қурилмалар орқали кириш воситасида ўзларининг электр энергияси, газ ва ичимлик суви масалаларидаги сарф-ҳаражатларини кузатиб боришлари мумкинлиги тўғрисида гап очганимизда, бу ҳақда эшитган бўлсаларда, фойдаланиб кўрмаганликларини айтдилар.
Биз уларга шахсий кабинетни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни тушунтириб, ҳар уч идоранинг шаҳардаги бўлимларига бориб-келишларини, йўл-йўлакай хонадонларининг бу борадаги қарздорлик ёки ҳақдорлигини ҳам сўраб келишларини илтимос қилдик. Улар йўлга отланар эканлар, ҳар биридан эшитган биринчи гапимиз “Эҳ, узундан-узоқ навбатда туришга тўғри келар эканда”, – деган эътироз бўлди.
Шахсий кабинет? У нима?
Кўпчилигимизга маълум, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган коммунал идоралар, хусусан электр, газ ва ичимлик суви таъминоти идоралари ўз сайтлари орқали мижозларига шахсий кабинетларни ташкил қилиб, бу борадаги электрон давлат хизматларини кўрсатиб келмоқдалар. Шахсий кабинет деганда кўз олдимизда ўзимизга тегишли бўлган қандайдир хона гавдаланади. Ўзи асли саbinet сўзи французчада “кабина, будка, каюта” каби сўзларнинг кичрайтирилган шаклидан олинган экан. Инглиз тилига 1605 йилларда, рус тилига эса 1705 йилларда кириб келган. Википедияда кабинетга – хонадон, уй ёки бошқа бинода жойлашган, ўқув-ёзув машғулотлари, ақлий меҳнат билан шуғулланадиган, бизнес масалаларида қабуллар ўтказиладиган ишчи хона, деб таъриф берилади.
Гарчи мамлакатимизда ушбу йўналишда ишлар бир неча вақтлардан буён амалга ошириб келинаётган бўлсада, Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуни (ЎРҚ-395, 09.12.2015 йил) қабул қилиниши, Вазирлар Маҳкамасининг “Электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (№184-сон, 02.06.2016 йил) ҳамда ушбу қарор билан алоҳида Низомнинг тасдиқланиши давлат идора ва муассасалари томонидан электрон давлат хизматларини кўрсатиш борасидаги тартибларнинг такомиллаштирилишига, уларнинг сифати бир қадар ошишига ҳамда тегишли соҳаларни рақамлаштириш ишларини жадаллашишига олиб келди.
Бугунги кунда мавзуимизга алоқадор ташкилотлар, хусусан Ҳудудий электр тармоқлари АЖнинг het.uz, Ҳудудгазтаъминоти АЖнинг hududgaz.uz, Ўзсувтаъминоти АЖнинг uzsuv.uz расмий сайтларида электр, газ, ичимлик суви истеъмолчилари бўлган абонентларга алоҳида шахсий кабинетлар ташкилланган ҳамда уларга бу борада электрон давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Биз ушбу материални тайёрлаш баробарида, ўз олдимизга анашу шахсий кабинетлар узлуксиз фаолият олиб бораяптими, абонентлар фойдаланиши учун осон ва қулайми, ўзининг шахсий кабинети мавжудлигидан аҳолининг хабардорлиги қай даражада, бу борада нима муаммолар мавжуд каби ҳолатларга аниқлик киритишни мақсад қилиб олдик.
Мурожаатлар ортидаги тақдирлар
– Мана ҳозир қўлимда айнан электр, газ ва сув таъминоти масалаларидаги муаммолар акс этган ва Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилинган 27 та мурожаатларни ўрганиш натижалари бўйича ҳужжатлар йиғма жилдлари турибди, – дейди Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ҳуқуқий ҳимоя сектори бошлиғи Фахриддин Бойназаров. – Ушбу мурожаатларни кўпчилигида қарздорлик масаласига аниқлик киритиш, асоссиз қарздорлик билдирилганлиги, тўловлардаги чалкашликлар ва шу каби масалалар ўз аксини топган бўлиб, мурожаатни ўрганган масъуллар томонидан истеъмолчининг амалга оширган тўловлари, хонадондаги ҳисоблагич кўрсаткичлари, коммунал идорадаги компьютер базаси маълумотлари солиштирилиши билан муаммо ечимини топганлигини кўриш мумкин.
Мисолларга ўтсам. Қува туманида яшовчи Ғ.Турғуновга газ идораси томонидан 685000 сўм қарздорликни бартараф қилиб қўйишни сўралган бўлсада, мурожаатини ўрганиш натижалари унинг 91580 сўмга ҳақдорлигини кўрсатган. Қарздорлик эса туман газ идораси базасига хонадондаги истеъмол кўрсаткичларини ортиқча киритилиши натижасида келиб чиққан. Тошлоқ туманида яшовчи Д.Мамажонов томонидан истеъмол қилинган электр энергияси учун амалга оширилган тўлов эса бошқа хонадон ҳисоб рақамига тушиб қолган, Бешариқда истиқомат қилувчи О.Абдурахмоновнинг хонадонидаги эски газ ҳисоблагич янгисига алмаштирилиши жараёнида ҳақиқатдаги истеъмолга нисбатан 2043 м3 ортиқча тавофут ҳам юзага чиқиб қолган, натижада фуқаронинг 700 минг сўмдан ортиқ асоссиз қарздорлик бир неча кун сарсон бўлишига олиб келган, хонадонига замонавий газ ҳисоблагич ўрнатилган Қувасойлик К.Хасанов тўловни ўз вақтида амалга оширилмаслиги натижасида 193,0 сўм пеня юзага келган вазиятда тармоқдан автоматик узилиб, ҳақиқий қарздорлик кўрсаткичларидан бехабар фуқаронинг турли идораларга мурожаат қилиб юришига сабаб бўлган, Қўштепалик Т.Охунов ичимлик суви тармоғига уланмагани ва хонадон вакиллари ичимлик сувини ташиб келтириб истеъмол қилганлари ҳолда, унинг хонадонига 432334 сўмлик истеъмол ҳисобланган, ўрганиш натижалари билан мазкур асоссиз қарздорликни бартараф қилишга эришилган ва ҳакозо ва ҳакозо…
Агар истеъмолчиларимиз ўзлари учун жуда қулай бўлган шахсий кабинетлардан фойдаланишни ўзлаштириб олганларида, коммунал идоралар базаларида ўзларининг шахсий ҳисоб рақамлари билан содир бўлаётган ўзгаришларни онлайн тарзда кузатиб борган, мен ўйлайманки, ушбу мурожаатларнинг аксариятига ҳожат ҳам қолмаган бўлар эди.
Сўровнома натижалари нимани кўрсатганди?
Биз олдинроқ аҳолининг коммунал идоралар расмий сайтларида ташкилланган шахсий кабинетлардан қанчалик хабардорлиги, уларнинг ушбу хизматлардан фойдаланиши кўрсаткичларини ўрганиш мақсадида виртуал ҳамда видеосўровнома ҳам ўтказгандик.
nuqtainazar.uz телеграм каналига жойлаштирилган ушбу сўровномада 1838 нафар респондентлар иштирок этгандилар.
Респондентларга берилган қуйидаги биргина саволга олинган жавоблар эса қуйидагича бўлган:
Сизнинг ана шу тизим ташкилотлари сайтларида шахсий кабинетингиз борлигидан хабардормисиз ва шахсий кабинет хизматларидан фойдаланасизми?
A) хабардорман, фойдаланаман – 223 та ёки 12 %;
B) хабардорман, лекин фойдаланганим йўқ – 1105 та ёки 60 %;
C) хабарим йўқ, фойдаланганим ҳам йўқ – 510 та ёки 28 %.
Шунинг билан биргаликда, худди шу савол билан Фарғона кўчаларида аҳоли вакилларига ҳам мурожаат қилиниб, видеосўровнома ҳам ўтказилганди.
Сўровнома натижаларидан кўриб турганингиздек, унда иштирок этган аҳолининг 60 % и шахсий кабинетлар ташкил қилинганлигидан хабардор бўлсада, ушбу қулайликдан фойдаланиб кўрмаганлигини, респондентларнинг 28 % и эса бу борадаги ишлардан умуман бехабарлигини маълум қилган.
Масала “Муносабат” ток-шоусида ҳам кўтарилди
Жорий йилнинг 24 сентябрь кунида ҳамкасбларимиз билан Ўзбекистон телеканалининг “Муносабат” ток-шоусида иштирок этганимизда аҳолини қийнаб турган муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқларидан бири бўлган маълумот олиш ҳуқуқи тўлақонли равишда таъминлаб берилмаётганлиги ортидан ҳам келиб чиқаётганлиги билан изохлаб, шу ўринда коммунал идораларнинг расмий сайтларида ташкилланган шахсий кабинетларнинг аҳамияти борасидаги масалани ҳам кўтаргандик.
Масъуллар нима дейди?
“Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акционерлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Абдувохид Турдиев билан суҳбатимиз тизимда абонентлар учун ташкилланган шахсий кабинетлар, бу борада қандай ютуқ ва камчиликлар бор, абонентлар мазкур қулайликдан фойдаланяптиларми каби масалаларда бўлди.
– Тизим ишга тушгандан кейин шаффофлик таъминланди. Яъни таъминот корхонасида ўтирган бизни мутахассисларимиз қандай маълумотларни кўриб турса, истеъмолчи ҳам худди шу вақтни ўзида айнан ўша маълумотларни кўриб туради. Таъминотчи ва истеъмолчи кўриб турган ушбу маълумот эса ягона маълумот тарқатувчи марказдан олинади.
Мижоз сайтимизда ташкил қилинган шахсий кабинетига кириши учун ўз мобил телефонидан 2100 қисқа рақамига лотинча Р ҳарфини юбориши керак. Шунда унга het.uz сайтидаги шахсий кабинетига кириш учун логин ва парол берилади, – дейди А.Турдиев биз билан суҳбатда.
“Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиалининг Рақамлаштириш бўлими етакчи мутахассиси Икромжон Хабиловнинг бизга берган маълумотларига кўра, тизимда абонентлар учун шахсий кабинетларнинг бир маромда ишлаб туриши таъминламоқда.
– “Ҳудудгазтаъминоти” АЖ ташкил этилган 2019 йил октябрь ойига қадар шахсий кабинетлар Ўзтрансгаз расмий сайти тизимида ишларди, – дейди у биз билан суҳбатда. – Абонент шахсий кабинетида ўз ҳисобини кўриш, қарздорлигига аниқлик киритиш, тўловларни текшириш, қолаверса электрон тарзда тўловларни амалга ошириш имкониятларига эга. Ушбу хизматдан фойдаланиши учун абонент ўз ҳудудидаги ташкилотимизга мобил телефон рақамини бир маротаба рўйхатга қўйиши, шундан сўнг ҳоҳлаган вақтида hududgaz.uz сайтидаги шахсий кабинетига олинган логин ва парол асосида кириши мумкин.
Мутахассис қандай фикрда?
Ташкил қилинган шахсий кабинетларнинг тармоқ фойдаланувчилари томонидан ишлатилиши жараёнлари қай даражада оддий одам учун содда ва қулайлиги борасида мутахассис фикрларини билиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг Фарғона вилоятидаги ҳудудий инспекцияси бўлим бошлиғи Аброр Собиров билан суҳбатлашдик.
– Бугунги кунда коммунал идоралар томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида аҳолига электрон хизматларни кўрсатиш йўлга қўйилган. Аҳолининг барча қатламлари ушбу хизматлардан эмин-эркин ўз шахсий компьютер, ноутбук, планшет ва уяли телефонлари воситасида фойдалана оладилар, – деди А.Собиров биз билан суҳбатда. – Мен ҳозирда иш фаолиятида бўлган шахсий кабинетлар истеъмолчилар учун муҳим бўлган ва керакли маълумотларни ўз ичига олган, деб ҳисоблайман. Аҳоли юқоридаги 3 та идоранинг het.uz, hududgaz.uz uzsuv.uz расмий сайтларидаги шахсий кабинетларидан фойдаланишлари мумкин, фақатгина “Ўзсувтаъминоти” АЖнинг расмий сайтида олиб борилаётган профилактика ишлари сабаб шахсий кабинетга ҳозирча киришнинг имкони бўлмай турибди. Умид қиламизки, профилактика ишлари тез кунларда охирига етказилади. Оддий фуқаро, тармоқ фойдаланувчиси сифатида эса ишлаб турган икки шахсий кабинетдан het.uz сайтидаги шахсий кабинетга боғланиш соддароқ, деб ҳисоблайман.
Қаҳрамонларимизга қайтсак…
Улар бирин-кетин электр, газ ва ичимлик суви таъминоти корхоналарининг Фарғона шаҳар бўлимларига ташриф буюриб, дастлаб ўзларининг қарздорлик/ҳақдорликларига аниқлик киритганлар. Шундан сўнг шахсий кабинетдан келгусида фойдаланиш учун ўз мобил телефон рақамларини тармоққа рўйхатга қўйиб қўйишларини сўраганлар.
Маълум бўлишича, электр таъминоти тизимида уларнинг мобил рақамлари аллақачон рўйхатга қўйилган экан. “Тез-тез СМС келиб туриши бежизга эмас эканда”, – дейди қаҳрамонларимиздан ёши улуғи Ғофир ака.
Газ идорасига телефон рақамларини рўйхатга қўйдирган бўлсалар, ичимлик суви таъминоти корхонасидагилар томонидан эса уларга тизим энди ишга туширилаётганлиги, шу сабабли ушбу хизмат туридан ҳам тизим ишлай бошлагач фойдаланишлари мумкинлиги айтилган…
Рақамлар сўзлаганда…
Очиғини тан олиш керак, ҳозирги даврда информацион технологиялар ҳаётимизнинг турли жабҳаларига кенг кириб келди. Бугун уларсиз жамият ҳаётини тасаввур қилиб ҳам бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки расмий сайтида келтирилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 27 июндаги ПҚ–1989-сонли “Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра Марказий банкнинг “Чакана тўловларни реал вақт режимида амалга ошириш клиринг тизимини яратиш ҳамда хизмат кўрсатувчиларнинг биллинг тизими билан интеграллаш” лойиҳаси 2014 йилда жорий этилган бўлиб, тизим орқали амалга оширилаётган тўловлар ҳажми ва кўлами доимий равишда ортиб бормоқда.
Мазкур тизим фаолияти “Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳисоб-китоблар клиринг тизими тўғрисида”ги Низом (рўйхат рақами 2570, 2014 йил 4 апрель) талаблари асосида тартибга солинади.
Ҳозирги кунда банклар инфратузилмаларида Марказий банкнинг ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали барча коммунал ташкилотлар, Молия вазирлиги Ғазначилигига тўланадиган бюджет тўловлари, солиқ ҳамда божхона тўловлари, нотариат ва ФХДЁ тўловлари, Ички ишлар вазирлигига тўланадиган жарима тўловлари, Давлат хизматлари агентлиги хизматлари тўловлари, “UzAuto Motors” автомашиналари учун тўловлар, кадастр хизматлари учун тўловлар, шунингдек, мобил алоқа, интернет-провайдерлар ва кўплаб бошқа хизматлар учун тўловчини хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг биллинг тизими орқали аниқ идентификация қилиш орқали тўловларни реал вақт режимида амалга ошириш ва акс эттириш имконияти яратилган.
Марказий банкнинг ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали 2017 йил мобайнида 5 205,7 млрд. сўмлик тўловлар амалга оширилган бўлса, 2018 йилда тўловлар суммаси 2017 йилга нисбатан қарийб 2 баробарга ортиб, 10 155,0 млрд. сўмлик тўлов амалга оширилган. 2019 йилда ҳам ушбу тизим орқали амалга оширилган транзакциялар суммаси 2018 йилга нисбатан қарийб 2 баробарга ортиб, 20 030,4 млрд. сўмга етган.
Бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудида 30 га яқин тўлов ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. Уларнинг тўлиқ реестри билан бу ерда танишишингиз мумкин.
Тўлов ташкилотларининг сони ортиб бориши баробарида, масофадан банк хизматларини кўрсатувчи тизимлардан фойдаланувчилар сони ҳам ортиб бориб, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда жисмоний шахслардан иборат бўлган мазкур фойдаланувчиларнинг салкам 14 млн га яқини жисмоний шахслардир.
Ушбу маълумотларни нега келтиряпмиз? Бундан кўзланган асосий мақсад, бугун фуқаронинг қўлида мобил телефони бор, уйида шахсий компьютери ёки ноутбуги бўлиши мумкин. Бу эса унга сутканинг исталган вақтида турли тўловларни амалга ошира олиш имконини беради.
Агар фуқаролар коммунал идоралар ва бошқа шу каби ташкилотларда ташкилланган шахсий кабинетларидан фойдаланиб борсалар, бизнинг фикри ожизимизча, улар ўзлари амалга ошираётган тўловларини ўз вақтида ва ўз ўрнига тушаётганлигини кузатиб боришлари баробарида, ўз сарф-ҳаражатларини назорат қилиб боришга, турли ғараз ниятли кимсаларнинг алдовига учиб қолмасликларига, турли таъмагирлик ва коррупция ҳолатларини ҳам муайян миқдорда барҳам топишига, шунингдек уларнинг молиявий саводхонлиги ҳам ошишига олиб келган бўлар эди.
Ғайрат Маматқулов, мустақил журналист
— ≡ —
Тимур Юлдашев
Ҳикоямизнинг икки қаҳрамони тақдири нима бўлди дерсиз? Уларнинг рухсати билан шахсий кабинетларига кириб, йўл-йўлакай уларга ундан қандай фойдаланишни ҳам ўргатиб, коммунал идоралар масъуллари маълум қилган қарздорлик/ҳақдорлик суммаларини солиштириб кўрдик. Тафовут чиқмади. Демак, тизим масъуллар айтган ҳолатда ишламоқда. Сув таъминоти идораси сайтидаги профилактика ишлари ниҳоясига етиб, шахсий кабинетлар иш бошлаганда, тегишли тартибда рўйхатдан ўтиб, бу борадаги истеъмол ва сарф-ҳаражат кўрсаткичларини ҳам ўз назоратларига олишларини яна бир бор эслатар эканмиз, улар билан хайрлашдик.