Диний китобларда ёзилишича, дард Яратганнинг бандасига юборган бир неъмати, имтиҳони. Чеккан дарди туфайли унинг гуноҳлари кечирилади, амаллар китобига катта савоблар ёзилади, охиратдаги мартаба-мақоми юксалтирилади.
Бизга ҳаётини ҳикоя қилиб берган қаҳрамонимиз ҳам бугунги кунга келиб шундай ўйлайди, бироқ икки йил аввал дард, унинг назарида, гўё Яратганнинг ғазабига учраганлик аломати, Аллоҳнинг бир балоси ва жазоси эди. Унинг бу борадаги қарашлари ўзгаришига коронавирус сабаб бўлди. Бу вирус унинг ҳаётга нисбатан қарашларини ўзгартирди. Маълумки, икки йилга яқин вақт давомида инсоният коронавирус номли эпедимик шароитда яшаб келмоқда, у кўпчилик учун қайғули хотираларга сабаб бўлган бўлса, яна кимлардир бу “балодан” куч олди, ҳаёт учун курашишни ўрганди. Ана шундай инсонлардан бири 24 ёшли Чори (шахсини ҳимоя қилиш мақсадида исми ўзгартирилган). У бизга қандай қилиб бир вақтнинг ўзида “COVID – 19”ни енгиб, Сил касаллигидан тузалиб, ОИВ ни назоратга олгани ҳақида сўзлаб берди.
Мухожирлик қисмати менга қимматга тушди!
Мен 18 ёшимда биринчи маротаба Россияга борганман. Мусофирчиликда оғир меҳнат билан бирга “ёшлик завқини” туюшга ҳам ҳаракат қилдим, афсуски бу “завқ” менга қимматга тушди. Уч йил Россияга бориб, келиб ишлаб юрдим. 2017 йил борганимда яхши иш тополмадим, узоқ вақт ишсиз қолдим. Танишларим орқали бир ўрмонда дарахт кесиш устахонасига ишга кирдим. Иш жуда оғир, аммо яхши ҳақи тўлашар эди. Кун бўйи резина этикда лой ва сув кечиб ишладим. Ётоғим ҳам захроқ жой эди. Саккиз ой ишлаганимдан сўнг қаттиқ йўтала бошладим, бир йўталганимда узоқ йўталар эдим. Уч ой шу тариқа юрдим охири бўлмади, ётиб қолдим. Яқинларимни ёрдами билан Ўзбекистонга қайтиб келдим. Қайтишим билан тиббий кўрикдан ўтдим. Шифокорлар менда сил (туберкулёз) касаллиги борлигини аниқлашди. Энг ёмони бу эмас эди, менда ВИЧ га топширилган тест ҳам ижобий чиқди.
22 ёшимда ВИЧ ва Сил… буни эшитган дадам адо бўлди…
Маълумот ўрнида: 2019 йилда дунёда жами 1,4 миллион нафар инсон Сил/Туберкулёз касаллигидан вафот этди (шу жумладан, уларнинг 208 минги бир вақтнинг ўзида ОИВ билан ҳам касалланган). Глобал миқёсда сил касаллиги ўлимнинг 10 та асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда. 2019 йилда дунё бўйлаб тахминан 10 миллион киши сил касаллиги билан касалланган, шу жумладан 5,6 миллион эркак, 3,2 миллион аёл ва 1,2 миллион бола. Сил барча мамлакатлар ва ёш гуруҳларида кенг тарқалган. Сил/Туберкулёзни даволаш ва олдини олиш мумкин.
Бир эмас, икки ажал уруғи тананга қадалганида!
Шифохонадан уйга 18 кмлик йўлни босиб қайтар эканмиз, дадам бир оғиз гап гапирмади. Уйга етиб келиб, машинадан тушаётганида қалтироқ бир овоз билан “ҳеч кимга, ҳеч нарсани айтмайсан”, – деди. Бир неча кун у ҳеч ким билан гаплашмади. Мен ўзим билан бўлганларини кимгадир айтиб беришни ҳоҳлар эдим. Лекин кимга айтаман, ким мени тушунади, ким қўллаб қувватлайди? Ҳеч ким. Қаттиқ тушкунликка тушдим.
Мендаги сил, касалликнинг даволаш мумкин бўлган формаси эди, бироқ менда ОИВ ҳам борлиги ҳисобга олинса, умид камдек кўринарди. Мени текширувдан ўтказаётган врач кўзимга қараб “Укам бир эмас, иккита ажал уруғини тананга қадаб қўйибсан, қойилман, тез орада ҳосилини терасан”, – деди. Ташхис натижаларини ҳали тушуниб тушунмасдан турганим бир вақтда, бу гап мени ўлдириб бўлди.
Чорининг дадаси – Мен ҳозир ўйлаб қарасам ўша вақтдаги тушкунлигимиз, хавотирларимиз ўринсиз бўлган. Бир томондан қараганда бизда бошқа чора ҳам йўқ эди-да. Чунки бу касаллик ҳақида нотўғри маълумотларга эга эдик. Бизнингча, бу касаллик ўта юқумли ва муқаррар ўлимга олиб борувчи касаллик эди. Уни тузатиш мумкинлигини билмас эдик. Ахборотнинг озлиги ва хатолиги бизни шу аҳволга солди. Ҳозир мендан нима қилиш керак, деб сўрасангиз айтаманки, мактаб, олий ўқув юртларида ушбу касаллик ҳақидаги маълумотлар батафсил берилиши керак, бу жуда муҳим. Оммавий ахборот воситаларида сил касаллиги ҳақидаги маълумотларни худди ОИВ/ОИТС ёки коронавирус ҳақидаги маълумотлар каби кенг ёритилиши мақсадга мувофиқ бўлади, сабаби сил касаллигига чалинган беморларнинг кўпи аввал бу касаллик ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмаслиги ушбу касалликка чалинишнинг асосий сабабларидан бири бўлиши мумкин. Яна бир жиҳати ахборотга эга бўлган одам касалликни юқтириб олганида ҳам биз сингари тушкунликка тушиб қолмасдан, тезроқ даволаниш чораларини кўради. Ахир бу касалликни давоси бор.
Маълумот ўрнида. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, мамлакатда сил билан касалланиш даражаси ҳар 100 минг кишига 42,9 тани, ўлим кўрсаткичи эса ҳар 100 минг кишига 1,6 тани ташкил қилади (2019 йил статистикаси). Ўзбекистонда сил касаллигига чалинган беморни 2 соат ичида аниқлаш имконини берадиган беш табақали лаборатория тизими йўлга қўйилган. Тошкент, Нукус ва Самарқанд шаҳарларида халқаро сертификатга эга бўлган, жаҳондаги кучли ўнта лабораториялар сафига кирган Миллий референс лабораториялари фаолият кўрсатмоқда. Фаол сил жараёнини аниқлаш мақсадида “Диаскин тест” усули амалиётга тадбиқ қилинган. Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, латент сил билан оғриган шахсларни вақтида аниқлаш ва профилактик чоралар кўриш учун туберкулин диагностика йўлга қўйилган. Натижада, 2018 йил якуни бўйича сил билан касалланиш 2017 йилга нисбатан 4,5 фоизга, 2015 йилга нисбатан 9 фоизга камайган. 2019 йилда Ўзбекистонда 2021 йилгача сил касаллигига қарши курашиш учун 118 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. АҚШнинг USAID фонди бу борада Ўзбекистонни фаол қўллаб-қувватлаб келади.
Дард қўшалоқлашиб келади!
Дадам мени Тошкентдаги махсус шифохонага ёткизди. Икки ой шифохонадан чиқмасдан даволандим. Жуда тушкун кайфиятда бўлганим сабаб тез тузалмадим. Икки ойлик муложалардан сўнг уйга рухсат беришди. Уйда махсус шароитларда даволанишни давом эттиришим учун рецепт ёзиб беришган эди.
Шу орада ҳамма жойда коронавирус тарқала бошлади. Аллоҳни марҳаматини кўрингки, у мени бу касаллик билан ҳам сийлади. Уни илк беморларидан бири бўлдим. Аҳволим анча оғирлашди. Термизда шифохонага ётдим. Шифокорлар пневмония бўлганлигимни, ОИВ билан яшаётганлигим ва ҳали Сил касаллигидан тўла тузалмаганим учун бу касалликни кўтара олмаслигимни айтишди. Мен оғир аҳволда ётар эканман, бир нарсадан хурсанд эдим, энди одамлар ОИВ ёки Силдан ўлди дейишмайди, кўпчилик қатори коронавирусдан ўлди дейишади. Мен яшаш учун курашмаётган бўлсамда, ич-ичимдан ўлишни ҳам ҳоҳламаётган эдим. 14 кунда аҳволим яхшилана бошлади. Учинчи ҳафтада ўзимни анча яхши ҳис қила бошладим. Демак коронавирус мени ўлдирмади, энди яна иккита душман қолди.
Маълумот ўрнида: COVID -19 нинг ОИВ ва Сил билан касалланган одамларга қандай таъсир қилишига оид тушунчалар мавжуд бўлмаса-да, сурункали касалликларга чалинган ва иммунитети суст бўлган беморларга кўпроқ хавф туғдириши маълум. COVID-19 сингари, сил касаллиги ҳам ўпкага таъсир қиладиган касалликдир, шунинг учун сил касаллиги бўлган беморларда оғирроқ асоратларни келтириб чиқариш эҳтимоли катта. Айтиб ўтиш мумкинки, юқоридаги омиллар ҳисобга олиниб ОИВ ва Сил билан касалланган одамларнинг COVID-19 билан касалланганлиги ҳақида алоҳида статистика юритилмаган.
Мен уч душманга қарши жангга кирдим
Биринчи навбатда сил. Ундан қутулиш мумкин, демак унга қарши кураш бошлайман! Дориларни ҳаммасини ўз вақтида ича бошладим, кайфиятимни кўтардим, яхши овқатландим, доимий равишда ўпка машқларини бажардим. Коронавирусдан тузалиб бўлганимдан икки ой ўтиб, сил касаллиги бўйича қайта текширувдан ўтганимда “Энди сенда сил йўқ”, – дейишди. Бу менинг катта ғалабам эди. Коронавирус мени ҳаётга қайтарди, у менга курашиш, кучли ва умидли бўлишни ўргатиб кетди.
Мен 72 кун деганда силни енгдим.
Энди навбат ОИВ га. Тўғри уни ҳозирча ҳеч ким енгиб чиқмаган, лекин билишимча ОИВ мутлақо ажал дегани эмас, уни назоратга олиш, у билан узоқ ва соғлом ҳаёт кечириш, бахтли ҳамда мартабали бўлиш мумкин. Шундан сўнг мен ОИВ бўйича дориларни қабул қила бошладим. ARVT (антиретровирус терапияси) муолажага жиддий эътибор қаратдим. Қисқа вақт ичида уни ҳам ўз назоратимга оламан, мен бунга ишонаман. Агар ОИВ назоратда ишлаб турилса у ҳеч кимнинг ҳаётига таҳдид қилмайди. Яхши парвариш қилинса, касаликнинг юқиш эҳтимоли ҳам пасайиб борар экан. Менда бироз сўнган туйғулар: бахтли бўлиш истаги, орзу қилиш, режа қилиш кабиларни ҳаммаси қайта ўйғона бошлади. Мен ғалаба қозондим.
Азиз Хелямович Худайбердиев, узоқ йиллар давомида БМТ ОИВ/ОИТС бўйича дастуриниг (UNAIDS) маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.
Менимча, биздаги асосий муаммо аҳоли, айниқса ёшлар ОИВ ҳақидаги маълумотларни яхши билмаслиги ёки билсалар ҳам хатти-ҳаракатлари билан унга амал қилмаслигидадир. Мавжуд маълумотлар кўпинча одамларни қўрқитувчи характерда бўлиб, ўз ўрнида ОИВ билан яшаётган инсонларни жамиятдан четлатиб қўйишга олиб келади.
Ҳеч ким ОИВ хавфидан ҳимояланмаган шу сабаб у ҳақида тўғри ва сифатли маълумот тарқатишимиз ва ОИВ беморларини тўғри қабул қилишимиз жуда муҳимдир. ОИВ билан яшаётган инсонларни жамиятдан четлатиб қўйишга ҳеч бир асос йўқ. Бу ўтакетган шавқатсизлик бўлади. Шунинг учун ҳам маълумотларни кўпайтириш, ОИВ билан яшаётган инсонларни қўллаб-қувватлаш керак.
Масалан, Ўзбекистонда “Ишонч ва ҳаёт” номли нодавлат ташкилот бор, ва мен шу ташкилотнинг ассосчилардан бири бўлганман. Бу ташкилотнинг асосий вазифаси ОИВ билан яшаётган инсонларга ёрдам бериш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат. Шу каби ташкилотларни кўпайтириш керак.
Маълумот қанча кўп, сифатли ва турли шаклда, масалан, ижтимоий видеоролик, кино ёки ҳозирда оммалашган узоғи билан 2-3 дақиқалик вайнлар, мусиқий клиплар шаклида бўлса ёшлар онгига таъсири кўпроқ бўлади. Шу орқали энг аввало бу касалликни тарқатмасликни тарғиб қилиш ва энг муҳими ОИВ билан яшаётганларга нисбатан жамият муносабатини ўзгартириш мумкин.
Шифокор, Сурхондарё вилояти
Ўзбекистон Республикасида сил касаллигига қарши олдиндан олиб борилаётган барча тадбирлар хусусан силни аниқлаш ва даволаш бўйича вилоятларда бошланган ишлар давом этмоқда. Давлат томонидан бунга ҳозирги кунда катта эътибор берилмоқда. Вазият талаб қилганда вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказларидаги баъзи биноларда COVID-19 аниқланган беморлар учун алоҳида бўлимлар ташкиллаштирилди. Бизнинг вилоятимизда ҳам сил касаллиги ва COVID-19 га чалинган беморларнинг бир қанчаси даволанди ва даволанмоқда. Бундай беморлар аниқланганда биз уларни барча санитар-гигиена қоидаларга риоя қилган ҳолда алоҳида даволаш бўлимига изоляция қилиб ҳам силни, ҳам COVID-19 ни даволаш протоколи асосида даво ишлари олиб бормоқдамиз. Сил билан касалланиб COVID-19 аниқланган беморлар орасида ўлим ҳолатлари жуда кам қайд қилинган. Уларнинг аксарияти тузалиб кетган.
Муаллиф: Шавкат Икромов