Таъкидлаш жоизки, тарихан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда таъриф ва нотариф тартибларни (хусусан, валютавий ва бошқа чекловларини) ўрнатиш орқали тартибга солиш бўйича икки хил, протекционизм ва эркин савдо каби ёндашувлар шаклланган. Ушбу жиҳатдан хорижий валюталар контрабандаси ташқи иқтисодий фаолият субъектларини ҳимоя қилиш мақсадида умумий маънода 2 та илмий назарияга киради. Улардан бири давлат томонидан олиб бориладиган протекционизм (лотинча “protektor”, “ҳимоя қилувчи”) ва меркантилизм назарияларидир.
Меркантилистлар фикрича, дунё бойликлари чекланган, шунинг учун бирор давлатнинг бойиши иккинчи давлатнинг камбағаллашуви ҳисобидан амалга ошиши лозим эди.
Бу назария тарафдорлари давлатнинг бойлигини фақат олтин ва кумушлар билан ўлчашган. Шубоис, мазкур соҳада валюта чекловларини жорий этишнинг айрим жиҳатлари меркантилистлар назариясида акс эттирилган бўлиб, уларнинг фикрича дунё бойликлари чекланган, шунинг учун бирор давлатнинг бойиши иккинчи давлатнинг ресурслари ҳисобидан амалга оширилиши лозим. Ташқи савдонинг меркантилизм мактаби давлатнинг миллий позициясини мустаҳкамлаш учун қуйидагиларни амалга ошириш зарур деб эътироф этишган:
– ижобий савдо балансини ушлаб туриш – олиб кирилганидан кўра кўпроқ товарлар олиб чиқиш. Бу ҳолат мамлакатга кўпроқ олтин кириб келишига олиб келади ҳамда ички харажатлар миқдорини ошириш имконини яратади;
– тариф, квота ва ташқи савдони тартибга солишнинг бошқа воситаларидан фойдаланган ҳолда экспортни ошириш ва импортни қисқартириш мақсадида ташқи савдони тартибга солиш;
– хом-ашёни мамлакатдан олиб чиқилишини қатъиян ёки қисман чеклаш ҳамда давлатда мавжуд бўлмаган хом-ашёни олиб келишни божсиз олиб кирилишига рухсат бериш.
Меркантилистлар ғояларининг пайдо бўлиши натижасида давлатлар қимматбаҳо металлардан фойдаланиш ва уларни айирбошлаш устидан назорат ўрната бошладилар. Меркантилизм мактаби қоидалари натижасида давлатлар бир-бири билан савдо қилишда сунъий тўсиқларни кўпайтириб юборишди ва бунинг натижасида уларнинг барчаси иқтисодий қийинчиликка дуч кела бошлади. Меркантилизм ғояларига биринчи бўлиб инглиз иқтисодчиси Дэвид Хьюм (1711-1776) қарши чиққан.
У ўз моделида меркантилистларнинг давлатларнинг ҳаддан ортиқ бойиб кетиши уларнинг халқаро рақобатбардошлилигига таъсир қилмайди деган фикрини гумон остига қўяди. У давлатларга олтин оқимининг кўпайиши мамлакат ичида пул таклифини ошишига олиб келишига эьтибор қаратди. Бунинг натижасида иш ҳақи ва маҳсулотлар нархи ошади. Нарх ошиши натижасида эса, халқаро рақобатбардошлик пасаяди. Аксинча, олтиннинг мамлакатдан чиқиб кетиши нархларнинг пасайишига ва халқаро рақобатбардошликнинг ошишига олиб келади.
Меркантилистларга жиддий қаршилик қилган иқтисодчилардан яна бири А.Смит (1723-1790) бўлди. У давлатнинг бойлиги унинг олтин ва кумушларга эгалиги билан эмас, уларнинг товар ва хизматлар ишлаб чиқариши билан боғлиқлигини асослаб берди. Унинг фикрича, давлатнинг асосий вазифаси олтинларни йиғиш эмас, балки, меҳнат тақсимоти орқали кўпроқ ишлаб чиқаришга эришиш бўлиши лозим. Бунда самарали натижаларга ишлаб чиқарувчилар иқтисодий мустақил бўлганда ҳамда амалдаги қонунчилик асосида ўз фаолиятларини ихтиёрий танлаганда эришиш мумкин.
Бугунги кунда хорижий валюталар контрабандаси муаммосини тадқиқ қилишда ёндашувларни кенг ва тор маънода каби 2 гуруҳга бўлиш мумкин.
Кенгмаънода қараганда, хорижий валюталар контрабандаси муаммоси протекционизмнинг таркибий қисми бўлган Ташқи иқтисодий фаолиятни (ТИФ) нотариф усулда бошқариш ёндашуви таркибига киради. ТИФни нотариф усулда бошқаришдеганда эса, индивидуал ёки гуруҳ тарзида мамлакатлар томонидан давлат хавфсизлигини таъминлаш, инсонлар ҳаёти ва соғлигини сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда миллий иқтисодиётни ташқи салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш мақсадида амалга ошириладиган маъмурий, техник ва иқтисодий усуллар мажмуини тушуниш мумкин.
Бу борада ТИФни давлат томонидан тартибга солиш воситаларини тариф (бож тўловларини ўрнатиш орқали) ва нотариф усулларга таснифлаш, биринчи бор, Тариф ва савдо бўйича Бош шартнома Котибияти томонидан ХХ асрнинг 60-70-йилларида ишлаб чиқилган. Мазкур ташкилот ТИФни нотариф тартибга солишнинг мавжуд усулларини бешта асосий гуруҳга ажратган бўлиб, улар орасида 4-гуруҳ сифатида миқдорий ва маъмурий чоралар, тақиқлашлар ҳамда валюта чекловлари киритилган.
Тор маънода эса, хорижий валюталар контрабандасини тадқиқ этишда жиноий-ҳуқуқий (криминологик) ёндашувни қўллаш мумкин. Ушбу нуқтаи назардан қараганда, жиноий ҳодиса сифатида хорижий валюталар контрабандасининг структураси, элементлари, содир этиш механизмлари, иштирокчилар таркиби ва жиноий ҳодисанинг салбий оқибатлари ҳамда унга қарши курашнинг методларини такомиллаштириш масалаларини ўрганиш мумкин.
Юқоридаги ёндашувлар доирасида хорижий валюталар контрабандасини тадқиқ қилишда тизимли таҳлил, қиёсий таҳлил, омилли таҳлил, контент таҳлил, ивент таҳлил ва экспертлар баҳоси каби таҳлил методларидан фойдаланиш муҳим ўрин тутади.
Хусусан, тизимли таҳлил усули хорижий валюталар контрабандаси муаммосининг таркибий элементлари, улар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ҳолатларини очиб беришда қўлланилади. Шунингдек, хорижий валюталар контрабандасини тадқиқ қилишда тизимли ёндашув кўплаб муаммоларни самарали ҳал этиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Уни қўллаш мақсадларни аниқ баён қилиш, вазифалар кўлами ва бажарилиши лозим бўлган иш хусусиятлари ҳақида тасаввурга эга бўлиш, тизим доирасида бўйсунуш тартибини ўрнатиш, қарор қабул қилиш ва уни бажариш борасида мажбурият ва жавобгарликни тақсимлаш имконини беради.
Шунингдек, тизимли ёндашувни қўллаш умуман вазиятга баҳо бериш, барча ҳолат ва оқибатларни ҳисобга олган ҳолда бошқарув қарорларини қабул қилишимконини беради. Бошқарувда тизимли ёндашувни қўллаш мантиқий фикрюритишни, яъни ҳар бир қарорга келиш ва асослаш жараёнида тизимнингумумий мақсадини аниқлаш ва барча кичик тизимлар фаолиятини бумақсадга эришишга йўналтиришни талаб этади. Бунда ҳар бир тизим унданйирикроқ бўлган тизимнинг таркибий қисми сифатида ўрганилади.
Шунингдек, қиёсий таҳлил усули эса хорижий валюталар контрабандасининг динамикасини, яъни маълум бир давр мобайнида ўсиш ёки камайиш жараёнларини аниқлашга ёрдам беради.
Шунингдек, омилли таҳлил усули хорижий валюталар контрабандаси муаммосининг келиб чиқишига сабаб бўлувчи ва таъсир қилувчи ички ва ташқи омилларни аниқлашда фойдаланилса, контент таҳлил усули эса катта ҳажмдаги маълумотлар билан ишлашда матн таркибида ишлатилган сўзларнинг миқдорини аниқлаш орқали кам вақт сарфлаган ҳолда хорижий валюталар контрабандаси муаммосига тааллуқли маълумотлар тўплаш имкониятини яратади.
Бундан ташқари, экспертлар баҳоси таҳлил усули хорижий валюталар контрабандасининг иқтисодий хавфсизликка таҳдидлари ва уларни бартараф этиш йўллари тўғрисида хулосавий кўринишдаги мутахассислар фикрларини ўрганишга ёрдам беради.
Хулоса қилиб айтганда, хорижий валюталар контрабандаси моҳиятига кўра, протекционизм илмий назариясига тааллуқли ҳисобланади. Шунингдек, тадқиқот усулларидан тизимли таҳлил, қиёсий таҳлил, омилли таҳлил, контент таҳлил, ивент таҳлил ва экспертлар баҳоси каби таҳлил услублари хорижий валюталар контрабандаси муаммосини ҳар томонлама ва тўлақонли равишда тадқиқ қилишда самарали ҳисобланади.
Фарход Гафуров, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Божхона институти ўқитувчи