Марказий банкнинг қайд этишича, бу тўлов инфратузилмасини ривожлантириш харажатларининг бир қисмини қоплаш имкониятини беради.
2020 йил 2 мартдан бошлаб мамлакатнинг барча савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари учун ўрнатилган тўлов терминаллари инфратузилмасида савдо тушумининг 0,2 фоизи миқдорида воситачилик ҳақи киритилиши тўғрисида қарор қабул қилинди, деб хабар бермоқда МБ матбуот хизмати.
“Бу тадбир бир томондан тўлов инфратузилмасини ривожлантириш учун харажатларни қисман қоплашга, бошқа томондан банк карталари ёрдамида тўловларни мунтазам амалга оширувчи мижозларга турли бонус, дисконт ва рағбатлантирувчи дастурларни (кешбэклар) таклиф қилишга имконият яратади, пировард натижада эса, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кўпайишига олиб келади“, – дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳозирда хорижий давлатларда банк воситачилик ҳақининг миқдори тўлов воситаларининг турларига (дебет/кредит карталари, интернет орқали онлайн тўловлар ва ҳ.к.), субъектларнинг фаолият турига (давлат ташкилотлари, супермаркетлар, авиакассалар, меҳмонхоналар, ресторанлар, дорихоналар) боғлиқ бўлиб, одатда 1 фоиздан 3 фоизгача белгиланади.
Ўз навбатида, тўлов тизимларига бепул хизмат кўрсатилиши халқаро стандартлар талабларига мос келмайди, шунингдек, тўлов хизматлари ва тўлов инфратузилмасини ривожлантиришни, янги тўлов маҳсулотларига инвестиция киритишни рағбатлантирмайди.