Мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияни қабул қилиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги тегишли ҳужжатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан тайёрланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда инсон ҳуқуқларини таъминлаш самарадорлигини янада оширишда тегишли Миллий стратегия зарурлигини қайд этган эди.
Дарҳақиқат, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш маданиятини ривожлантириш ишларини давом эттириш зарур. Бу мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишда муҳим омиллардан ҳисобланади.
Сўнгги йилларда юртимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, миллий қонунчилигимиз халқаро стандартларга имплементация қилинмоқда, Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти аъзоси сифатида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзининг халқаро мажбуриятларини бажармоқда.
Сўнгги 3 йилда фуқароларнинг шахсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда қонунчилик асосини яратишга йўналтирилган 5000 дан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, 4 янги кодекс, 186 қонун, Президентимиз томонидан 1200 ҳужжат қабул қилинди.
Бироқ шу кунгача инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегия қабул қилинмаган эди. Бундай ҳужжатнинг қабул қилиниши ва амалга оширилиши мамлакатимизда инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурматли муносабатни шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш жараёнини жадаллаштиради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия лойиҳасида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш орқали халқимизнинг турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга қаратилган қатор чора-тадбирлар мажмуи кўзда тутилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича давлат сиёсатини мониторинг қилиш ва баҳолашнинг миллий тизимини янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтларни мустаҳкамлаш шулар жумласидан.
Стратегияда қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларига амал қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Давлатимиз ва жамиятимизнинг алоҳида ҳимоясига муҳтож бўлган инсонларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш даражасини ошириш кўзда тутилган. Сўз ва дин, ахборот олиш эркинлигини, гендер тенглигини таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратилиши режалаштирилган.
Шунингдек, оилаларни ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, оналик, оталик ва болаликни ҳимоя қилиш, уй зўравонлигига қарши кураш орқали оила институтини ҳимоя қилиш янги даражага кўтарилади.
Ёшларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича билимларини ошириш бўйича ҳам кенг кўламли дастур кўзда тутилган. Бу борада олий ўқув даргоҳлари ва кадрларни қайта тайёрлаш ўқув марказларида махсус “Инсон ҳуқуқлари” курсини жорий этиш, мактаблар, лицей ва коллежларда ушбу мавзудаги дарсларни янада кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Стратегияда инсоннинг иқтисодий ҳуқуқлари ҳам қамраб олинган. Шахсий мулкни ривожлантириш, бизнес юритиш учун тенг шароитлар яратиш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш асосида уларга тўла амал қилинади.
Ҳар йили ўтказиладиган “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” миллий мукофотини таъсис этиш ҳам таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, 2020 йилда Самарқандда инсон ҳуқуқлари бўйича форум ўтказиш ҳам режалаштирилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати.