Марказий банк банк карталарини огоҳлантиришсиз блокланиш ҳолатларига изоҳ берди

Марказий банк фуқаролар томонидан уларнинг банк карталари банклар томонидан блокланганлиги бўйича (қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ) билдирилган эътирозлар билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан тушунтириш берди.

«Банклар томонидан фуқароларга уларнинг банк карталари бўйича ҳисоб варақлари блокланганлиги ёки хатланганлиги ёхуд ушбу ҳисоб варақлар орқали амалиётлар ўтказилиши тўхтатиб қўйилганлиги тўғрисида хабарнома юборилмаслиги, мижозларга депозит хизматлари кўрсатишдаги инсофсиз банк амалиётларининг элементи ҳисобланади.

Марказий банк нуқтаи назарига кўра, ҳар бир омонатчи (банк картаси эгаси) банк томонидан депозит хизматларини кўрсатиш шартлари ўзгарганлиги, шу жумладан, депозит ҳисоб варағи блокланганлиги ёки хатланганлиги сабабли банк унга ўз вақтида хабарнома етказишини умид қилишга ҳақлидир. Банк эса ўз навбатида, мижозлар билан ўзаро муносабатларни этик хулқ-атвор нормаларга амал қилган ҳолда олиб бориши ҳамда уларнинг ҳисоб варақлари билан боғлиқ амаллар тўғрисида ўз вақтида хабардор қилишлари лозим», — дейилади хабарда.

Шунга кўра, жорий йилнинг 26 октябрь куни Марказий банк бошқаруви томонидан қонун ҳужжатига киритиладиган ўзгартиришлар тасдиқланди. Унга кўра, банк томонидан мижознинг банк ҳисоб варағи ва (ёки) банк омонати, шу жумладан, банк карталари бўйича (банк карталаридан фойдаланаётган пайтда «ПИН-код»ни нотўғри терилиши оқибатида блокировкага тушган ҳолатлар бундан мустасно) амалиётлар тўхтатиб қўйилганда, амалиёт тўхтатилган санадан бошлаб кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда ҳисоб варақ ёки омонат эгасига унинг ҳисоб варағига хизмат кўрсатиш тўхтатилганлиги ва унинг сабаблари юзасидан хабарнома юбориши шарт.

Ҳозирги пайтда мазкур ўзгартиришлар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш учун Адлия вазирлигига йўлланган, дейилади хабарда.