15 октябрь, сешанба куни соат 11:00 да Халқаро матбуот марказида Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши видеоселектор тарзида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда Марказий сайлов комиссияси томонидан эксперт гуруҳининг ижобий хулосаларига мувофиқ «Сиёсий партияларга Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида қатнашишига ижозат бериш тўғрисида» қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги иккинчи масала ҳам қизғин муҳокамалар асосида ўтди, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир харажатлар сметаси тасдиқланди. Унга кўра сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори қуйидагича белгиланган:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод учун — 10 832 000 (ўн миллион саккиз юз ўттиз икки минг) сўм;
Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига номзод учун — 2 000 000 (икки миллион) сўм;
Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгаши депутатлигига номзод учун — 1 000 000 (бир миллион) сўм.
«Олдинги сайловларда Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодлар учун маблағ ажратилмаган. Бу йилги ‘Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар’ шиори остида юқори савияда ташкил этилган сайловларда Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодлар учун ҳам бюджет маблағларининг ажратилиши, нафақат Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига, балки, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатлигига ҳам сайловлар жараёни, номзодлар ўртасидаги дебатлар, сиёсий партиялараро соғлом рақобат ва ҳар бир депутатлик ўрни учун кураш қизғин кечишидан далолатдир», — дейилади хабарда.