Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 4 октябрь куни хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш, уларга бу жараёнда тан жароҳати етказиш учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни кўзда тутувчи «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2018−2019 йилларда 400 дан зиёд ҳолатда тиббиёт ходимларига куч ишлатилди, тан жароҳатлари етказилди.
«Бугунги кундаги ҳақиқий ҳолат эса бундан ҳам аянчли аҳволга келиб қолган. Вазият шу даражага бориб етдики, тиббиёт муассасаларида, айниқса, шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида бу каби ҳолатлар кунда-кунора учраб турмоқда», — дейилади хабарда.
«Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан бундай тажовузларни содир этган шахсларга нисбатан 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазосини қўллаш мумкин бўлади», — дея қайд этди вазирлик.