24 июль куни Фарғонада Ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказининг тамал тошини қўйиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар қилди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати.
Маросимда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кан Чже Квон, КОICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Сон Сонг Иль ҳамда шаҳар фаоллари ва аҳоли вакиллари иштирок этди.
Фарғона шаҳар Касб-ҳунарга ўқитиш марказини ташкил этиш ишлари Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 апрелдаги 199-сон қарори ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОICA) билан ҳамкорлик доирасида амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа 2018−2022 йилларга мўлжалланган бўлиб, марказда бир вақтнинг ўзида 240 нафар ўқувчи ахборот технологиялари, электр ва электроника, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, тикувчилик, косметология сингари беш йўналиш бўйича касбий таълим олиш имконига эга бўлади.
Фарғона шаҳар Касб-ҳунарга ўқитиш маркази бу йўналишда КОICA билан ҳамкорликда амалга оширилаётган тўртинчи лойиҳа ҳисобланади. Бугунги кунда Тошкент (2012), Шаҳрисабз (2016), Самарқанд (2018) шаҳарларида бу каби касб-ҳунарга ўқитиш марказлари фаол ишлаб келмоқда. Уларда бугунги кунгача жами 8000 нафар ўқувчи турли йўналишлар бўйича касбларни эгаллашди.