1 октябрдан «TRADE-IN» дастури ишга туширилади. Қўлланилган машиналарни устама эвазига янгисига алмаштириш мумкин бўлади

Бу президентнинг 18 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги» қарорида кўзда тутилган.

«TRADE-IN» дастури ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини расмий дилерлик ташкилотига харидорлар томонидан илгари фойдаланилган ўзларига тегишли автотранспорт воситаларини топшириш ҳамда улар қийматидаги фарқни тўлаш орқали маҳаллий автомобилларнинг янгисини харид қилиш имконини беришни кўзда тутади.

«TRADE-IN» дастури доирасида расмий дилерлар томонидан амалга ошириладиган қуйидаги олди-сотди шартномаларига нисбатан мажбурий нотариал расмийлаштирув татбиқ этилмайди:

  • белгиланган шаклдаги ҳисоб-маълумотномаларни харидорга бериш тартибини жорий этиш орқали илгари фойдаланилган автотранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларига;

  • маҳаллий ишлаб чиқарувчи заводларнинг расмий дилерларидан сотиб олинган янги автотранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларига.

Расмий дилерлик ташкилоти томонидан илгари фойдаланилган автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун уларни Ички ишлар вазирлиги органларида рўйхатдан ўтказиш вақтида йиғим тўланмайди.

Ички ишлар вазирлигига автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий заводларнинг расмий дилерларини «TRADE-IN» дастури доирасида сотиб олинган илгари фойдаланилган автотранспорт воситаларини сотиш учун тегишли даражада ҳимояланган ҳисоб-маълумотномалар бланклари билан белгиланган тартибда таъминлаш топширилди.

Ҳужжатга кўра, расмий дилер томонидан жисмоний шахсларнинг илгари фойдаланилган автотранспорт воситаларини сотишда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш учун қўшилган қиймат солиғи суммасини ўз ичига олган сотилаётган объектнинг сотиш нархи билан баланс қиймати ўртасидаги ижобий фарқ солиққа тортиш базаси бўлиб ҳисобланади.