Пойтахтимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Кун тартибига 17 та масала қўйилди, дея хабар берди ўз Телеграм-каналида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати.
Депутатлар «Халқаро меҳнат ташкилотининг 1930 йилдаги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли Конвенциясига Баённомани (Женева, 2014 йил 11 июнь) ратификация қилиш тўғрисида»ги Қонунни қабул қилиб, уни Олий Мажлис Сенатига юбордилар.
29-сонли Конвенцияга Баённома ХМТнинг барча аъзоларига мажбурий меҳнат сабабини ва унинг хавфини оширувчи омилларни аниқлаш, иш берувчиларни ўқитиш ва хабардор қилиш йўли билан унга барҳам бериш мажбуриятини юклайди.
Баённоманинг қабул қилиниши:
– мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, унинг қурбонларини ҳимоя қилиш ва ҳимояланиш воситаларидан фойдаланиш имконини таъминлаш бўйича янги мажбуриятларни белгилаш;
– ушбу соҳадаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш;
– ХМТ билан муносабатларда Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи халқаро ташкилотлар билан амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини беради.