2018 йил 31 мюль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Мазкур ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 12 июнда қабул қилинган, Сенат томонидан 2018 йил 28 июнда маъқулланган.
Қонунга кўра, Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи органлардир, дейилади Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» каналидаги маълумотда.
Қонунда экстремистик фаолиятни амалга оширишга йўл қўйилмаслиги тўғрисида расмий огоҳлантириш чиқариш ёки тақдимнома киритиш экстремистик материалларни тақиқлаш, ташкилотни экстремистик ташкилот деб топиш ва бошқа тадбирлар экстремизмининг олдини олишга доир чоралар сифатида назарда тутилган.
Шахслар экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун жавобгар бўлади.
Шахс экстремистик фаолиятда иштирок этишни ўз ихтиёри билан рад этган, экстремистларнинг мақсадлари амалга оширилишининг олдини олишга фаол кўмаклашган тақдирда, қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликдан озод этилади.
Шу билан бирга, ташкилотлар экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун тугатилади, уларнинг фаолияти эса тақиқланади.