Вазирлар Маҳкамасининг Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисидаги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-каналида хабар қилинди.
Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, турк тилини чет тили сифатида ўқиган абитуриентлар ҳам мазкур тилдан кўп балли баҳо тизими бўйича имтиҳон топширадилар.
Эндиликда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда 086-У-шакл бўйича тиббий маълумотнома талаб қилинмайди.
Қуйидагилар олий таълим муассасаларига қўшимча давлат грантлари асосида имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинувчилар қаторига киритилди:
- Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатни аъло баҳоларга битирган битирувчилар бакалавриатнинг хорижий тил ва адабиёт, филология ва тилларни ўқитиш йўналишларига;
- ҳар бир ҳарбий қисмдан биттадан ёш ҳарбий хизматчи, қисм қўмондонлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти тавсияномасига асосан.
Шунингдек, киритилган қўшимчалар билан сиртқи таълим шаклига ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланди.
Сиртқи таълимга ҳужжатлар 1 июлдан 30 июлгача қабул қилинади.
Кириш имтиҳонлари 16 августдан 25 августгача камида 3 та фандан ўтказилади.
Ёзма имтиҳонлар шифрланган ҳолда текширилади.
Имтиҳонлар бакалавриат таълим йўналишларига мувофиқ келувчи 3 та фандан тўпланиши керак бўлган максимал 189,0 баллдан, ҳар бир фаннинг ўрнига қараб унинг учун ажратилган энг кўп баллнинг 0 дан 100 фоизгача бўлган оралиқда баҳоланади.
Натижалар имтиҳондан кейин 1−3 кунда таълим муассасасининг расмий сайтида эълон қилинади.
Шунингдек, магистратурага киришда қуйидагилар бекор қилинди:
- магистратурага кирувчиларнинг илмий ва илмий-педагогик ишларга қобилияти ҳамда қизиқишини аниқлаш мақсадида танланган мутахассисликка мос саволлар асосида суҳбат;
- «Информатика ва ахборот технологиялари» фани бўйича синов;
- Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти фани бўйича синов.
Магистратурага ҳужжат топширганларнинг TOEFL бўйича камида 72 ёки IELTS бўйича камида 5,5 балл бўлганида улар чет тилидан кириш синовида иштирок этмайди. Илгари бу натижалар TOEFL бўйича камида 58 ва IELTS бўйича камида 5 балл бўлиши керак эди.
Ўқишини баҳорги семестрга қайта тиклаш бўйича ариза топшириш ҳар йили 15 январдан 25 январгача давом этади. Илгари 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар эди.