Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратураси абитуриентларга пул эвазига ОТМларга киритиб қўйишга ваъда берган шахслар қўлга олинди, дея хабар қилди «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастури.
Репортажда келтирилишича, Зайнитдин Исохонов бошчилигидаги шахслар бошқа ОТМлар талабаларини топиб, уларга сохта ҳужжатлар тайёрлаган ва абитуриентларнинг тестларини ечиб беришга жалб қилган.
Зайнитдин Исоновнинг ҳамтовоқлари Турғун Муҳаммадиев ва Бекзод Шералиев Тошкент молия институти талабаларини ёллайди. Улар абитуриентлар учун имтиҳон топшириши лозим эди. Жумладан, талаба Ғанишер Холиқбердиев ҳар бир абитуриент учун 500 доллардан сўраган.
«Исонов Зайнитдин биздан, молия институтининг етти нафар талабасидан, 3×4 фотосуратлар олиб, паспорт ва 086 шаклли тиббий маълумотнома кўринишидаги сохта ҳужжатларни берди. Уларга бизнинг расмлар ёпиштирилган эди, шундай қилиб, у Тошкент давлат шарқшунослик институтига ҳужжат топширишимизни ташкиллаштирди. Ва биз шу ОТМга ҳужжат топширдик», — деди Ғанишер Холиқбердиев.
Сохта ҳужжатлар билан абитуриент ўрнига Тошкент давлат шарқшунослик институтига имтиҳон топширишни режалаштирган бошқа бир талаба Шохруҳ Имомов кейин роқ иштирок этишдан воз кечган.
«Мен бу келишувдан воз кечган эдим, лекин Бекзод ака мени яна ортга чақирди, — дейди Шохруҳ Имомов. — Кўп марта қайтардим, қатнашишни хоҳламадим, лекин мени яна тортишди».
Репортажда қайд этилишича, айнан Шохруҳ Имомов воситачиларга етти кишидан иборат сохта абитуриентлар хизмати ҳақини айтади — 3700 доллар. Улар орасида молия институти талабалари — Азизжон Абдуллаев, Беҳруз Расулов, Тимурбек Адашалиев, Руслан Акрамов ва Термиз давлат университети талабаси Аслиддин Бойпўлатов бор эди.
Яна бир ҳолат Чирчиқда аниқланди. Тошкент вилояти ДХХ ва Бош прокуратура ҳудудий бошқармаси Чирчиқ давлат педагогика институти ҳузуридаги Тошкент вилоят ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш маркази катта ўқитувчиси Дилноза Тошмуҳамедовни қўлга олди. У турмуш ўртоғи билан абитуриентдан ижодий имтиҳондан юқори балл билан ўтиш учун 3000 доллар сўраган.
«Менга Пскентдан бир қиз қўнғироқ қилиб, рақамларимни опасидан олгани, мусиқа факультетига киришни хоҳлаши ва ҳужжат топширганини айтиб, ёрдам беришимни сўради, — деди қўлга олинган ўқитувчи. — Учрашишга келишдик, ёрдам бераман дедим ва 3000 доллар сўрадим, лекин унда камроқ экан — 2500».
Прокуратура органлари мазкур ҳолатлар юзасидан жиноий иш қўзғатди, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.