Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 февралдаги «Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари оилавий васийлик ва ҳомийликнинг турли шаклларини яратишга кўмаклашади. Шунингдек, 2019 йил 1 июнга қадар «Меҳрибонлик» уйлари, болалар шаҳарчалари ва болалар уйларининг ҳудудлари ва хоналари видеокузатув камералари билан жиҳозланишини таъминлайди. Видеоёзувлар махсус архивда камида бир ой давомида сақланиши назарда тутилади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Меҳрибонлик» уйлари, болалар шаҳарчалари ва болалар уйларидаги видеокузатув камераларининг техник созлиги ва узлуксиз ишлашини, кейинчалик уларни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида архивлаштиришни таъминлайди.