Ўзбекистонда ОАВ ҳуқуқларини кафолатлаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш учун Медиа-омбудсман институти таъсис этилади. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Янги тузилма давлат идораларининг ОАВ фаолиятига асоссиз аралашувидан огоҳлантириш, ОАВ ҳамда давлат идоралари, жисмоний, юридик шахслар ўртасидаги низоли ҳолатларни ҳал қилиш билан шуғулланади.
Медиа-омбудсман ОАВ томонидан давлатнинг амалдаги қонунчилигига, жумладан, ахборот соҳасига оид қонун ҳужжатларига риоя этилишини ҳам назорат қилади.
«Ахборот истеъмолчилари ва ОАВ билан ишлаш имконини берувчи Медиа-омбудсман институтининг таъсис этилиши журналистларимизнинг ҳуқуқий маданияти ва этикасини мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб умид қиламиз», — дейилади хабарда.
Медиа-омбудсман институти Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қошида ташкил этилади, ҳозирда тегишли норматив ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда, дея аниқлик киритди агентлик вакили. Ҳужжатни 1 июнгача тайёрлаш режалаштирилмоқда.