Маҳалла раислари энди уч йилда сайланади

Пойтахтимизда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ қабул қилинган қонун нормаларини ёритиш масалалари юзасидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ўқув-семинар ташкил этилди.

Маҳалла жамият бошқарувининг халқ қадриятларига асосланган тизими сифатида ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда қатор вазифаларни самарали амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу тизимга доир кўплаб қонунчилик ҳужжатларининг қабул қилиниши унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштирди.

Семинарда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 15 октябрдаги “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунлари юзасидан маълумотлар берилди.

Олдинги қонун фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) билан бир вақтда унинг маслаҳатчисини ҳам сайлашни назарда тутар эди. Раиснинг ваколат муддати 2,5 йил бўлиб, бу муддат уларга ўз билим ва бошқарув қобилиятини тўлиқ намоён этишга имконият бермаётган эди. Шунингдек, раислар фуқаролар вакиллари йиғилиши томонидан сайланарди. Бунда сайловчилар номидан атиги 50-80 нафар вакил овоз берарди. Бошқа фуқаролар баъзан бундан бехабар қолаётган, ўз фикрини билдира олмаётганди. Яна бир жиҳати шунда эдики, сайлов очиқ овоз бериш йўли билан ўтказилгани боис, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдириш иконияти чекланганди.

Қонундаги ўзгаришлар натижасида маслаҳатчиларнинг раис (оқсоқол) билан бир вақтда сайланишининг олди олинди. Унинг ваколат муддати 2,5 йилдан 3 йилга узайтирилди. Вакилликнинг минимал нормаси белгиланди, яъни у сайловчиларнинг 12 фоизидан кам бўлмаслиги тартиби ўрнатилди. Эндиликда Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи алоҳида республика комиссияси тузилади. Бундан кейинги сайловларда яширин овоз берилади.

Фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш, фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўтказиладиган сана, вақт ва жой, фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар тўғрисида ахборот Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларининг расмий веб-сайтларига сайлов ўтказилишидан камида беш кун олдин жойлаштирилади.

Ўқув-семинарда қайд этилишича, эндиликда ҳар уч йилда бир ўтказиладиган сайловлар фақат май ойида бўлади. Шунингдек, бу жараёндаги бошқа ўзгаришлар ҳақида ҳам тўлиқ маълумот берилди.