Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев анча вақтда бери муҳокама қилинаётган ҳайдовчиларнинг малака ошириши кўзда тутилаётган «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 135-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинганини билдирди.
«Ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш ва сертификат олиш масаласи анча мунча муҳокамага сабаб бўлган мавзулар қаторида бўлди. Турли таклифлар ва фикрлар бўлганлигини ҳам кузатдик.
Кўпчиликнинг таклифи ва ҳақиқатан ҳам фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бугун депутатлар томонидан «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 135-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди.
Маълумот учун: ушбу модда йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқарганлиги учун жарима қўллашга бағишланган.
Қонун лойиҳасининг биринчи ўқишда киритилган вариантидан фарқли равишда депутатларнинг таклифлари билан лойиҳа иккинчи ўқишда қайта ишланиб, йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқаришда зарур бўлган ҳужжатлар қаторида транспорт воситаларида фақатгина «йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчининг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати» бўлиши зарурлиги назарда тутилди. Яъни барча юридик шахс ҳайдовчларилари эмас, фақат йўловчи ва юк ташиш билан шуғулланадиган ҳайдовчиларнинг малака оширганлиги тўғрисидаги сертификати бўлиши ҳақида гап кетмоқда. Шунингдек, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани алмаштириш ёки йўқолган гувоҳнома ўрнига бошқасини бериш ҳолларини истисно қилган ҳолда гувоҳнома олган пайтдан эътиборан икки йиллик давр бу талабдан мустасно эканлиги кўзда тутилмоқда.
Демак бундан англашиладики, йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори (ГАИ) ҳужжатни кўздан кечиришда барча юридик шахсларга тегишли автотранспорт ҳайдовчиларидан эмас балки фақат йўловчи ва юк ташишга ихтисослашган ҳайдовчилардангина малака оширганлиги ҳақида сертификатни кўрсатишни талаб қилиши мумкин.
Фурсатдан фойдаланиб, ҳамкасбларимизга масалага тўғри ёндошиб, лойиҳани шунчаки эмас, реал натижа бериш, қулайлик яратишга хизмат қилиши мумкин бўлган ҳолда маромига етказиб, қабул қилинишига қўшган ҳиссалари учун (кетган асаб учун ҳам) ташаккур демоқчиман», дейди у телеграмдаги канали орқали эълон қилинган мақоласида.