Номаълум шахслар пластик карталар ҳақидаги маълумотларни йиғиш мақсадида Uzcard сайтининг клонини яратди

Ягона умумреспублика процессинг маркази «Uzcard» карта эгаларини «Uzcard» бренди ишлатилган кибержиноят рўйхатга олингани ҳақида огоҳлантирди.

Хабар қилинишича, номаълум шахслар томонидан uzcard.uz расмий сайтининг интерфейси нусхаланиб,  «Uzcard» тўлов тизими номидан WEBSUM билан ҳамкорликда акция ташкил этилган. Рекламада тақдим этилган маълумотга кўра, ушбу тадбирда қатнашган иштирокчилар ўз карта рақамларини киритиб, пул миқдори ўтказиш эвазига ушбу юборилган маблағдан маълум миқдорда фоизларга эга бўлиши назарда тутилган.

«Расмий равишда эълон қиламизки, ушбу акция «Uzcard» банклараро тўлов тизими томонидан ташкиллаштирилмаган.  Ҳозирда компаниямиз томонидан ушбу қаллоблик ҳодисаси юзасидан тергов ишлари бошланган бўлиб, яқин кунларда унинг натижалари борасида Сизларни хабардор этамиз», дейилади хабарда.

«Огоҳ бўлинг! Текширилмаган номаълум интернет воситаларга ўз маблағларингизни ишониб топширманг. Доменларнинг номланишига алоҳида эътиборингизни қаратинг! Бизнинг расмий доменимиз uzcard.uz. Жумладан, домен номида бирон бир ҳарфнинг ўзгартирилгани унинг ҳақиқий эмаслигидан далолат беради: uzcard.org, uzcard.com, uzcard.info», дейилади компания хабарида.