Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига фуқаролардан турли мазмундаги кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Аҳамиятли жиҳати шундаки, уларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор билан ёндошилиб, қонун доирасида ижобий ҳал этилишига эришилмоқда.
Деҳқонобод МФЙ Самандарак қишлоғида яшовчи Акбарова Нафисахон хонадонига электр таъминоти корхонаси томонидан қарздорлик чиқарилганлигидан норози бўлиб мурожаат қилади.
Ушбу масалага ойдинлик киритиш учун ариза муаллифининг тўлов дафтарчаси, шахсий варақасига асосан ўрганув ишлари ўтказилди. Ўрганув жараёнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сонли “Электр ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг 4-моддасида кўрсатилгандек, ҳудудий электр корхонаси вакили истеъмолчи билан биргаликда истеъмол қилинган электр энергиясининг амалдаги миқдорини аниқлаш учун ҳисобга олиш приборларини ҳар ойда ёзиб олиш ва зарур бўлганда текшириб кўриш керак деб кўрсатилган.
Лекин собиқ ҳудуд назоратчиси томонидан ушбу қарорга амал қилинмаганлиги хамда ўз худудидаги Н.Акбарованинг хонадонини ойда бир марта хатлов ўтказиб ўрганмаганлиги оқибатида нотўғри хатлов киритилиб, истеъмолчига нисбатан 761 116 сўм нотўғри қарздорлик ҳисобланганлиги маълум бўлди.
Ушбу ҳолат яъни нотўғри қарздорлик келиб чиқиши электр корхонаси назоратчисининг айби билан бўлганлиги учун қайта хатлов ўтказиш, қарздорликни бартараф этиб, дастурдан чиқариб юбориш учун “Электр таъминоти корхонасига” алоқа хати юборилиб, истеъмолчи ҳақ-ҳуқуқи тикланишига эришилди.
Ф.Умурзақова.
Қува туман ИҲҲҚЖ матбуот
ва ахборот мутахассиси.