Солиқ органлари жисмоний шахсларнинг банк карталаридан солиқ қарздорлигини сўзсиз ундириш ҳуқуқини берувчи норма президентнинг 2018 йил 26 декабрдаги қарори билан бекор қилинди, дея хабар берди Norma.uz.
Ўтган йилнинг июнида давлат раҳбари давлат солиқ хизмати фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган эди. Унда солиқ тўловчи жисмоний шахсларга хизмат кўрсатувчи банк карталари банк ҳисоб рақамларидан юзага келган солиқ қарздорлигини сўзсиз ундириш ҳуқуқини бериш кўзда тутилганди. Бунда ундириб олинувчи маблағ бир ойда энг кам иш ҳақининг икки баробаридан ортиши мумкин эмас эди.
Амалиётда мазкур меъёрни қўллашнинг имкони бўлмади, чунки бундай ваколат қонунчилик ҳужжатларида ўз аксини топиши лозим. Жумладан, Солиқ кодексининг 63-моддасига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши лозим эди, бироқ президент 2018 йил 24 декабрда имзолаган кодексга ўзгартишлар киритишни кўзда тутувчи қонунда бу ўз аксини топмади.
Шунингдек, бундай ваколатни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳам лозим. Давлат солиқ қўмитаси қарори лойиҳаси муҳокамаларда 57 та танбеҳ ва таклифлар тўплади.
Бундан ташқари, Марказий банк ҳам ўз танқидий муносабатини билдирди. «Мақсад қанчалар эзгу бўлмасин, идоралар манфаатлари бошқа соҳалар ёки бутун мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмаслиги лозим», — дейилади МБнинг бу борадаги баёнотида.
Шундай қилиб, солиқ органларига банк карталаридан қарзларни сўзсиз ундириб олиш ҳуқуқини берувчи норма 1 январдан ўз кучини йўқотди.