Солиқ органлари нархларни асоссиз оширган газ қуйиш шохобчалари фаолиятини назорат қилиб боради. ДСҚ матбуот хизмати расмий баёноти бунга гувоҳлик бермоқда.
Баёнотда қайд этилишича, 4 январь ҳолатига айрим ҳудудларда автомобилларга хизмат кўрсатувчи сиқилган ва суюлтирилган газ билан тўлдириш шохобчаларида ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан 1 м3 метан газ нархи 1900 сўмдан 2200 сўмгача, яъни 300 сўмгача ҳамда 1 литр пропан газнинг нархи 200 сўмдан 500 сўмгача ошганлиги кузатилди. Айниқса, бундай ҳолат Тошкент шаҳри, Фарғона ва Тошкент вилоятларида кузатилмоқда.
ДСҚ танлов асосида бир қанча метан газ қуйиш шохобчалари фаолиятини таҳлил қилганда, 2018 йилнинг 9 ойида 1 м3 метан газнинг ўртача нархи 1650 сўмдан сотилган бўлса, 4 чоракка келиб 1950 сўмгача оширилганини аниқлади.
«Жорий йилдан бошлаб эса ҳеч қандай асоссиз равишда 1900 сўмдан оширилиб, 2200 сўмгача сотилмоқда. Натижада газ қуйиш шохобчаларининг рентабеллик даражаси 2018 йилнинг 9 ойлигидаги 20−29 фоиздан 45−60 фоизгача ошган. Агар ушбу шохобчанинг рентабеллик даражаси 30−36 фоиз миқдорида сақланган ҳолатда нарх 1800−1900 сўмдан ошмаслиги керак эди», — дейилади хабарда.
ДСҚ ҳисоб-китобларига кўра, 1 январдан амалдаги солиқ консепцияси доирасида 1 м3метан газ нархи 210 сўмгача ошиши ҳам инобатга олинган. Жумладан, газ учун аксиз солиғи киритилиши ҳисобига 55 сўм, ягона солиқ тўлов ўрнига қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк, ер солиғи ва фойда солиғи киритилиши натижасида 155 сўм ошиши мумкин эди.
«Бундан кўриниб турибдики, даромадлилик ва рентабеллик даражасини юқори миқдорларда сақлаш мақсадида айрим газ тўлдириш шохобчалари асоссиз равишда нархларни оширишга уринмоқда. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, жорий йилнинг 1 январидан солиқ ўзгаришлари натижасида нархларни ўзгартирмасдан фаолият кўрсатилганида ҳам газ қуйиш шохобчаларининг рентабеллик даражаси 25−30 фоизни ташкил этади. Бу ўз навбатида, иқтисодиёт тармоғидаги рентабеллик даражаси бўйича энг юқори кўрсаткичлардан бирини ташкил этмоқда», — дея қайд этди ДСҚ.