Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси З.И. пора олганликда айбланмоқда, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.
11 декабрь куни фуқаро М.Э. Хоразм вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилиб, унда З.И. турар-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини белгилаш бўйича низоли масалани ҳал қилиши эвазига 12 минг АҚШ долларини пора тариқасида талаб қилаётганини маълум қилган.
Мазкур мурожаатга асосан ўтказилган тезкор тадбирда, судья З.И. фуқаро М.А.нинг Урганч туманида жойлашган турар-жойига нисбатан мулк ҳуқуқини белгилаш бўйича низоли масалани раҳбарлар билан гаплашиб, унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига унинг ишончли вакили А.Э.дан 12 минг АҚШ доллари олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган.
Ўтказилган тадбир юзасидан тўпланган ҳужжатлар асосида 14 декабрь куни фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси З.И.га нисбатан Ўзбекистон «Судлар тўғрисида»ги Қонунининг 70- моддасига мувофиқ ҳолда, Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят қўзғатилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича Хоразм вилоят прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.