Президентимизнинг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони банкрот бўлган ёки солиқларни вақтида тўлай олмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қайта тиклаш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Фармон ижроси доирасида олиб борилаётган тарғибот ишлари натижасида Андижон вилоятида 377 фуқаро тадбиркорлик фаолиятини қайта тиклади. Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиши билан уларга ҳисобланган 5,9 миллиард сўмлик солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилди.
– Бир неча йилдан буён молиявий жарима бўйича қарзларимни тўлай олмасдан қийналиб юрган эдим, – дейди якка тартибдаги тадбиркор Алишер Абдуллаев. – Давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра, фаолиятимни қайта тикладим. Белгиланган имтиёз бўйича солиқ идоралари томонидан менга ҳисобланган 681,3 миллион сўм солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилди. Ушбу имтиёз мен каби кўплаб тадбиркорларнинг фаолиятини қайта тиклаши, юрт равнақига баҳоли қудрат ҳисса қўшишига яна бир бор имкон берди.
Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан солиқ қарзининг пайдо бўлиш сабаблари, тўловларни амалга оширишдаги муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари масаласига бағишлаб ўтказилган тадбирда шулар ҳақида сўз юритилди.
Вилоят прокуратураси, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимизнинг юқорида қайд этилган фармони мазмун-моҳиятини тадбиркорлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, ҳужжатда белгиланган солиқ имтиёзлари, улардан унумли фойдаланиш, мазкур йўналишда тадбиркорлар фаолиятида учраётган муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур ҳужжат асосида якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахслар, молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган (жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган) якка тартибдаги тадбиркорлар, давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган жисмоний шахслар тадбиркорлик фаолиятини тиклаган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган тақдирда қайд этилган солиқ қарзлари, молиявий жарималар ва пенялар ҳисобдан чиқарилиши, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият олиб бораётган жисмоний шахслардан тегишли фаолият тури бўйича ўрнатилган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган бир йиллик миқдордаги қатъий белгиланган солиқни бир йўла ундириш тартиби бекор қилингани хусусида тушунчалар берилди.
Таҳлилларга кўра, фармонда белгиланган имтиёз асосида Андижон вилоятида 18 мингдан зиёд фуқаронинг 30 миллиард сўмдан ортиқ миқдордаги солиқ қарзларидан воз кечилиши мумкин.