Сайтимиз орқали Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида шу йил 16 октябрь куни номаълум ҳайдовчи давлат рақамлари аниқланмаган оқ рангли “ВАЗ-2106” русумли автомашинани Жалоер қишлоғи ҳудудида ҳайдаб кетаётиб, шу ерда велосипедда кетаётган “Бахрин” МФЙда яшовчи С.Р.ни уриб юбориб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ўрнига воқеа жойидан кетиб қолгани, натижада С.Р. жароҳат олиб касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берган эдик.
Фуқароларимизнинг берган маълумотлари ва кўрилган чоралар натижасида ушбу йўл-транспорт ҳодисасини Ўзбекистон туманида яшовчи А.Ф. ўзининг “ВАЗ-2103” русумли автомашинасида содир этганлиги аниқланиб, ушланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
«Ўз навбатида, жамиятимизда юз бераётган ўзгаришларга ва ўзгалар тақдирига бефарқ бўлмай хабар берган фуқароларимизга миннатдорчилик билдирамиз», — Ўзбекистон ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси ахборотида.