Ўзбекистон Адлия вазирлиги иш берувчилар томонидан ходимлар ойлик маошларидан пул маблағларини ушлаб қолиш амалиётларини ўрганиш натижаларини эълон қилди. Тасодифий танлаш йўли билан бутун мамлакат бўйича 729 та ижтимоий соҳа муассасаси, жумладан тиббиёт, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари ўрганилди.
Ўрганишлар иш берувчилар томонидан ўз қўл остидагилар ойлик маошларидан коммунал хизматлар тўловлари учун пул маблағларини ушлаб қолиш кўринишидаги катта миқдордаги қўпол қонун бузилишлари содир этилганини кўрсатди, дея хабар берди Адлия вазирлиги.
Меҳнат қилувчилар ҳуқуқларининг бузилишига оид жами 345 мингдан ортиқ ҳолат аниқланган бўлса, уларнинг ярми Фарғона водийси (Андижонда — 72205, Наманганда — 50198 ва Фарғона — 49897) ҳиссасига тўғри келди.
69 фоиз (237434) ҳолатда ходимлар маошларидан ушлаб қолиш уларнинг розилигисиз, 11 фоиз ҳолатда (37696) эса касаллик, меҳнат таътили, хизмат сафари муносабати билан улар йўқ бўлган вақтда олиб қолинган. 60−70 фоизгача ойлик маошларни ушлаб туриш ҳолатлари ҳам кузатилган.
Қонунчиликка мувофиқ, агарда ишчи касаллик ёки таътил муносабати билан иш жойида бўлмаса, ойлик маошдан ушлаб қолиш кейинги ойда амалга оширилиши лозим. Ушлаб қолинган маблағларнинг умумий миқдори ходим маошининг 50 фоизидан ошмаслиги зарур.
Фарғонада тўққиз ой давомида 1821 нафар мактаб ўқитувчисидан уларнинг ёзма розилигисиз электр энергияси ва табиий газ учун 300 млн сўмдан зиёд маблағ ушлаб қолинган. 2000 фуқародан эса мажбурий тартибда 50 млн сўмга яқин маблағ Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳудудий бўлими ҳисобига ўтказилган.
Андижонда 609 нафар ўқитувчидан улар хизмат сафарида бўлган вақтда 44 млн сўм ушлаб қолинган.
Қорақалпоғистон, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Хоразм ва Бухорода 70 фоизгача ойлик маошларни ушлаб қолиш билан боғлиқ 100 дан зиёд ҳолатлар аниқланди.
Адлия органлари ўрганишлари якунлари бўйича 400 га яқин тақдимнома ва 2000 дан зиёд огоҳлантиришлар киритилди. Ваколатли органларга 277 нафар айбдор мутасадди шахсни маъмурий, 2 нафарини жиноий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар юборилди.