Андижон вилояти Балиқчи туманида жиноят содир этишга мойиллиги бўлган 17 нафар аёл, жазони ижро этиш муассасасидан қайтган 3 нафар ва жиноят содир этган 22 нафар хотин-қиз ва уларнинг оилалари билан бевосита иш олиб борилмоқда.
Туманда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, ана шундай ҳолатлар келиб чиқишига сабаб бўлаётган омилларни ўрганиш ва бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Умуман, қайд этилган жиноятларнинг асосий қисми ҳужжатларни қалбакилаштириш, фирибгарлик, тақиқланган моддалар етиштириш, ўзгалар мулкини ўғирлашга оиддир.
Хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликка кўп ҳолларда ишсизлик, оилада носоғлом муҳит шакллангани сабаб бўлмоқда. Бу ана шу тоифа кишилари билан бевосита иш олиб бориш, айниқса, тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш лозимлигини тақозо этади.
Кейинги бир неча йил давомида туманда содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар таҳлили асосида жиноятчилик профилактикаси бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини оширишга қаратилган ишлар яхши самара бермоқда.
Туманда мавжуд 66 маҳалла фуқаролар йиғинида “Менинг маҳалламда жиноятчилик содир бўлмаслиги керак!” шиори остида ўтказилаётган суҳбат ва мулоқотлар, жиноятчиликка мойиллиги бор шахслар, оилалар, шунингдек, жазони ўташ муассасаларидан ҳамда хорижда ишлаб қайтган аёллар билан бевосита иш олиб борилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этган аёллар сони ўтган йилга нисбатан 15 фоизга камайди.
Туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, ажримлар, шунингдек, хотин-қизлар ва балоғатга етмаганлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида оилалар тоифаларга ажратилиб, “Намунали ва тинч оила”, “Нотинч оила”, “Ажрим хавфи мавжуд оила” тарзида хатловдан ўтказилди, маълумотлар базаси шакллантирилди. Нотинч ва ажрим хавфи мавжуд оилалар, шунингдек, жиноят содир этган аёллар билан алоҳида иш олиб борилмоқда. Маҳаллалардаги намунали оилалар уларга мураббий сифатида бириктирилган.
Бу борадаги ишларни оммалаштириш, мутасадди ташкилотлар назоратига киритиш ҳамда ижросини таъминлаш бўйича маҳаллаларда семинарлар ўтказилди. Қўмитамиз ташаббуси билан туман ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ҳар ойнинг 20 санасида сайёр “Ноқонуний оилалар учун очиқ эшиклар куни”ни ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.
Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган хотин-қизларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш ва руҳий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида улар алоҳида назоратга олинди. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида уларнинг 67 фоизи ишга жойлаштирилди, 100 фоиз тиббий кўрикдан ўтказилиб, барчасига моддий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, инқирозли ва зиддиятли вазиятларга тушиб қолган, оилада турли зўриқишлар билан яшаётган, хорижий давлатлардан депортация қилинган аёлларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик кўмак берилди.
Ажрим, шаръий никоҳ, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, мулкий низолар бўйича қатор ҳолатлар юзасидан кенг жамоатчилик иштирокидаги сайёр суд ва муҳокамалар ўтказилиши ҳам ижобий натижалар бермоқда. Бундан ташқари, сектор раҳбарлари томонидан ўтказилаётган сайёр қабуллар натижасида салбий иллатлар, уларни келтириб чиқарувчи омиллар, мавжуд муаммолар бартараф этилмоқда.
Хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги билан жиноят содир этган 6 нафар аёл суд жараёнида жазодан озод этилди.
Жиноятчилик, оилавий ажримлар бўйича Бўстон, Эскимарказ, Туркистон, Жасорат, Қаҳрамон, Фаровон, Қияли, Файзобод маҳаллаларида ўтказилган сайёр суд ва сайёр муҳокамалар аҳолининг ҳуқуқий билимини оширишга, жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Бундай ишлар натижасида хотин-қизлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятлар олди олинмоқда.
Мақсадимиз битта, у ҳам бўлса, опа-сингилларимизнинг турмуш фаровонлиги яхшиланишига, ҳаётидан рози бўлиб яшашига кўмаклашиш. Энг муҳими, ҳаётимиз гултожи бўлган аёл ҳеч қачон жиноятчи бўлиб қолмаслигига эришиш.
Гўзалхон Деҳқонова,
Балиқчи тумани ҳокимининг ўринбосари,
хотин-қизлар қўмитаси раиси