Ҳудудларда ва ижтимоий соҳада электрон хизматлар кўрсатиш сифати оширилади

2025-2026 йилларда «Рақамли ҳукумат» тизимининг устувор йўналишлари:

  • 41 та лойиҳани ишга тушириш, электрон давлат хизматлари улушини 70%га етказиш ҳамда маҳаллаларда 30 турдан ортиқ давлат хизматларини кўрсатиш;

  • ҳудудларда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан 66 минг км оптик-толали алоқа линиясини ўтказиш, 2 284 та таянч станцияни ишга тушириш, 100 дан ортиқ ахборот тизимини жорий этиш;

  • аҳоли ва тадбиркорлар учун 100 дан ортиқ турдаги электрон хизматларни жорий этиш, 10 турдаги давлат хизматини проактив ва композит шаклга ўтказиш, 19 та ҳаётий вазиятда фуқароларга автоматик тарзда хабар юбориш.

2025 йил 1 ноябрдан мобил алоқа операторлари, тижорат банклари, тўлов ташкилотлари томонидан киберхавфсизлик талабларини сақлаган ҳолда мобил иловалар орқали ЯИДХПда пуллик электрон давлат хизматлари кўрсатилади.

2025 йил 1 декабрдан ННТларга «Рақамли ҳукумат» тизими орқали идоралараро электрон ҳамкорликни амалга оширишга рухсат берилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб фуқароларнинг ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаатлари, оилалар ва аҳоли бўйича маълумотларни юритиш «Рақамли маҳалла» платформаси орқали амалга оширилади. Бунинг учун 2025 йил 15 октябргача маҳаллаларнинг марказлаштирилган регистрини ишга тушириш режалаштирилган.

Бундан ташқари 2026 йил 31 декабргача кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги барча маълумотлар «UZKAD» АТга узатилади, Жаҳон геодезик координаталар тизимига (WGS-84) боғланган манзилларнинг ягона давлат регистри шакллантирилади.

Соҳа ва тармоқларни рақамлаштириш

2026 йил 1 майдан бошлаб ногиронликни белгилаш (болаликдан, I ва II гуруҳ) ва фуқароларни имтиёзли даволанишга электрон навбатга қўйиш композит шаклда амалга оширилади.

2026 йил охиригача «Рақамли соғлиқни сақлаш» платформаси билан интеграциялашган «овозли ёрдамчи» дастурлари ишга туширилади, у тиббий кўрик жараёнида шифокор нутқини автоматик баённома тузишни амалга оширади, шунингдек сунъий интеллект технологияларига асосланган «шифокорнинг рақамли ёрдамчиси» дастури ишга туширилади.

Сув хўжалиги соҳасида 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб сувни тақсимлаш билан боғлиқ барча маъмурий тартиб-таомиллар фақат «Сув ҳисоби» тизими орқали электрон шаклда амалга оширилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг истиқомат жойи бўйича вақтинча рўйхатга олиш бир йилгача муддатга Ягона портал орқали амалга оширилади.

«Рақамли ҳукумат» экотизимини такомиллаштириш

Рақамли технологиялар вазирлиги 2026 йил 1 декабргача қуйидаги имкониятларга эга «OASIS» ягона рақамли платформасини (Ўзбекистон ахборот тизимларининг интеграцион хизмати) ишлаб чиқади:

  • давлат ахборот тизимларини (АТ) яратиш ва ривожлантиришда ягона технологик ёндашувни таъминлаш;

  • модулли технологиялар орқали АТ яратиш жараёнларини оптималлаштириш;

  • АТ нинг мослашувчанлиги, хавфсизлиги ва самарадорлигини ошириш.

Ҳужжат билан қуйидагилар рўйхати тасдиқланди:

  • 2025-2026 йилларда ҳудудлар, соҳа ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш бўйича устувор лойиҳалар;

  • давлат органлари АТлари билан интеграциялашув орқали ЯИДХПда жорий этиладиган хизматлар;

  • ЯИДХП орқали ҳаётий вазиятлар юзага келганда автоматик режимда фойдаланувчиларга йўналтириладиган электрон билдиришномалар;

  • ЯИДХПда жорий этиладиган ва композит шаклда кўрсатиладиган давлат хизматларининг янги турлари.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.09.2025 йилдан  кучга кирди.