Истеъмолчининг ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот олиш ҳуқуқи таъминлаб берилиши лозим

Бугунги кунда қаерга қараманг озиқ-овқат, ноозиқ-овқат ва бошқа турдаги товарларни аҳолига реализация қилиш фаолияти билан шуғулланаётган хўжалик юритувчи субъектлардан бирига кўзингиз тушади. Кимдир бундан сотувчилик фаолияти осон эканда, деган хулосага ҳам келиши мумкин. Бироқ, савдо-сотиқ фаолиятининг ҳам ўзига хос қонун-қоидалари, бундан ташқари сотувчиларга қонунлар билан белгилаб қўйилган мажбуриятлар ҳам борки, буларга амал қилмаслик, беписандлик билан қараш, тадбиркор учун келгусида, нафақат турли молиявий санкцияларга дучор бўлиш, балки охир-оқибат фаолиятини банкротлик билан якунланишига ҳам олиб келиши мумкин.

Амалдаги қонунчиликка кўра, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни реализация қилаётган сотувчи олди-сотди жараёнида истеъмолчига бир қатор муҳим маълумотларни тақдим қилиш билан биргаликда, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ҳамда улар истеъмолчидан даъво қабул қилишга ваколат берган, шунингдек, таъмирлашларини бажарадиган ва техникавий хизмат кўрсатадиган корхоналарнинг манзиллари тўғрисида ҳам маълумотлар тақдим қилиши, тушунтиришлар бериши лозим. Сабаби эртага товарда нуқсон аниқланса истеъмолчида қандай ҳаракатларни амалга ошириши мумкинлиги юзасидан тўғри тушунча бўлиши керак.

Қувасой шаҳар «Юқори Мўян» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Д.Т. Фарғона шаҳридаги савдо дўконидан Zifler русумидаги кир ювиш машинасини харид қилгач, ундан фойдаланиши жараёнида юзага келган нуқсонни бартараф этиб берилиши масаласида муаммога дуч келган. Унга мазкур русумдаги маиший техника буюмларига сервис хизматларини кўрсатувчи асосий корхона Тошкент шаҳрида жойлашганлиги, Фарғонада расмий сервис маркази йўқлиги, эҳтиёт қисмлари пойтахтдан келтирилиши каби ҳолатлар нуқсонларни бартараф қилиб беришларини сўраб мурожаат қилган ҳолатидагина маълум бўлган.

Истеъмолчининг кир ювиш машинасини таъмирлаб бериш ишлари пайсалга солинаётганлиги ҳолати юзасидан Федерация ишонч телефонига қилган мурожаати, ҳудудий тегишлилиги бўйича Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиши жараёнида, Тошкент шаҳридаги сервис маркази масъуллари билан боғланилганидан сўнг, таъмирлаш ишлари тезлаштирилиб, маиший техниканинг носозлик кузатилган мотор қисми бошқасига алмаштириб берилиб, муаммо бартараф этилди.

Мансуржон Тошканов, жамият мутахассиси.